Normativ hujjatlar

Конституцион ислоҳотлар: суд-ҳуқуқ тизимини яхшилаш йўлида

Суд ҳар қандай ҳолатда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, адолатли ҳукм чиқарувчи тизим даражасига етгандагина мамлакат тараққиёти ёки демократик жамият қуриш ҳақида гапириш ўринли бўлади. Охирги беш йил ичида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида мана шу ҳақиқат ётибди. Улар қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби принципларга асосланган. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бунга мисол тариқасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш­та устувор йў­налиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини қўллашни кенгайтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини келтириш мумкин.

Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратди.

Судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди. Судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борасидаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.

Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида 10 мингдан ортиқ жиноят иши сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд — бир инстанция” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Аммо бу ислоҳотлар судларнинг самарали фаолияти учун етарли эмаслиги суд-ҳуқуқ тизими бўйича келиб тушаётган шикоятлардан кўриниб қолди. Шунинг учун судлар фаолиятига оид алоҳида нормаларни Конституция даражасида мустаҳкамлашга қарор қилинди.

“Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги бевосита судьяларнинг мустақиллигига боғлиқ, – деб ёзади ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эксперт Камила Алимова. – Шу сабабли, Конституциямизнинг 112-моддасида “Судьялар алмаштирилмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деб мустаҳкамланиши судьяларнинг розилигисиз бошқа лавозимга ёки бошқа судга ўтказилиши, уларнинг фаолиятига аралашиш, босим ўтказиш, уларнинг асоссиз фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш каби холатларни бартараф этиш йўналишида олиб борилаётган муҳим қадамларидан бири бўлади”.

Олий суднинг янги раҳбарияти катта ишлар олдида турибди. Айни пайтда бутун тизимни қайтадан кўриб чиқиш ва халқ учун адолат қўрғони бўла оладиган судларни яратишга эришиш лозим. Шундагина қонун устуворлигига эришилади, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатлар камайиб, иқтисодиёт ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги сари қадам қўйилади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *