Mahalliy

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун кимларнинг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади?

Жамоат хавфсизлиги университети профессори Шерзод Зулфиқоров «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ва унинг кимларга нисабатан тадбиқ қилиниши бўйича тушунтириш берди.

Профессорнинг фикрича, давлат фуқаролик хизмати — давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини англатади. Қуйида мақоланинг тўлиқ шакли келтирилган:

«Анчадан буён кенг жамоатчилик жорий йилнинг 8 августида қабул қилинган ‘Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида’ги қонунни кутаётган эди, сабаби мазкур қонунда жамиятимиз ва давлатимизни давлат хизмати соҳасида тартибга солиниш керак бўлган, анчадан бери қийнаб келаётган масалалар атрофлича тартибга солинди десак, хато қилмаган бўламиз.
2019 йил 3 октябрда Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда давлат хизматининг давлат фуқаролик ва махсус (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат ва қуролли қучлардаги ҳарбий хизмат) хизмат турлари кўрсатиб ўтилган. Умуман, давлат фуқаролик хизмати деганда, фуқароларнинг давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлардаги хизмат фаолияти назарда тутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда “давлат фуқаролик хизмати” ва “давлат хизмати” алоҳида тушунчалар сифатида ажратилди.
Таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизмати — давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини англатади.
Ҳозирги кунда давлат органлари ва ташкилотларда 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолият юритиб келмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибаси қандай?
“Давлат хизмати” атамаси аксарият континентал ҳуқуқий тизимдаги мамлакатларда, Франция, Германия, Италия, Испания, Швейцария каби давлатларда қўлланилади ҳамда “давлат фуқаролик хизмати” тушунчаси унинг ажралмас қисмига айланган. Англо-саксон ҳуқуқий тизимидаги мамлакатларда Буюк Британия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ ва бошқа давлатларда давлат ташкилотларида хизмат қилиш, ҳарбийлаштирилган муассасаларда, ҳарбий ва бошқа тузилмаларда хизмат қилишни ўз ичига олган “давлат (оммавий) хизмати” атамаси қўлланилади.
Таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг давлат хизматига бўлган ҳуқуқи айрим мамлакатлар — МДҲ аъзолари, яъни Озарбойжон Республикаси (55-модда), Беларусь (39-модда); Грузия (29-модда), Қозоғистон Республикаси (33-модда), Қирғизистон Республикаси (23-модда), Молдова Республикаси (39-модда), Украина Республикаси (38-модда); Туркманистон (30-модда) конституцияларида бевосита мустаҳкамланган.

Табиий савол туғилади, мазкур қонун кимларнинг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади?
Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қонуннинг амал қилиши, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. Татбиқ этилмайдиган субъектлар қаторига эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият вакиллик органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона хизмати ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар давлат хизматчилари, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган ким?
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади. Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Таҳлиллар кўринишида
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилиш иши юзасидан статистик маълумотига қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг 18 мартига қадар республиканинг 60та вазирлик, идоралари ҳамда 206дан ортиқ туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 5732та вакант лавозим бўйича танлов эълон қилинган. Ушбу вакант лавозимларга 96 000 нафар номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилган. Жорий йилнинг 13 июлига қадар 905 мингдан ортиқ номзод вакант лавозимлар очиқ танловларида қатнашиб, 35 минг нафардан ортиқ фуқаро давлат хизматига қабул қилинган. Ҳозирги кунда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда танлов асосида, очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қолаверса, мазкур қонунда танлов асосида (ҳафтасига 5 кунлик) ишга қабул ва кадрлар ротацияси, қолаверса, тадбиркорлик қилиш, коррупцияга қарши курашиш, хорижда ҳисобрақам очиш ва манфаатлар тўқнашувини тақиқлаш, даромадлар ва мол-мулкни мажбурий декларациялаш масалалари ҳам атрофлича тартибга солинган.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳам акс этганми?
Қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Улар қаторига давлат фуқаролик хизматчисининг ахлоқий хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши, давлат фуқаролик хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматлари учун совғалар олиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти ва уни рағбатлантиришни таъминлаш киради.

Агар давлат фуқаролик хизматчиси коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан, юқори турувчи давлат органини (мансабдор шахсини) ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органига дарҳол хабар қилиши ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак. Коррупция ҳақида хабар берган давлат фуқаролик хизматчиси давлат ҳимоясида бўлади.
Умумий хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизмати тегишли касбий билимлар, кўникмалар ва тажрибага эга бўлишни талаб қилади. Давлат лавозимларига даъвогар ва лавозимни эгаллаб турган шахслар учун маълум малака талаблари ва шартларини белгилашни, шунингдек, давлат хизматчисининг “карьера модели” давомида бундай билим ва кўникмаларни доимий равишда такомиллаштиришни тақозо қилади».

Шерзод Зулфиқоров Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *