Mahalliy

ССВ мутасаддилари Қашқадарёда тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш жараёнлари бўйича мулоқот ўтказди

Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг барча ҳудудларида аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари бошланди. Шу муносабат билан 3 декабрь куни мазкур жараённинг ташкил этилиши, уни ёритишда журналистлар эътибор қаратиши зарур бўлган ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова бошчилигидаги соҳа мутасаддилари иштирокида Қарши шаҳрида оммавий ахборот воситалари билан мулоқот ўтказилди.

«Унда вазир ўринбосари ҳудудларида аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш жараёнлари ўзи нима экани, ундан кўзланган мақсад, кутилаётган натижалар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг бу жараёнларда тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлигининг аҳамияти ҳақида тавсиялар берди.

Бундан ташқари, вилоятнинг соғлиқни сақлаш соҳасига масъул раҳбарлари иштирок этган мулоқотда тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирларида маҳаллий ва давлат ҳокимияти органларининг вазифалари тақсимотига ҳам ойдинлик киритилди. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва тиббиёт бирлашмаларидан токи оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пункти ходимларигача жараёнда қай тартибда иштирок этиши, уларнинг вазифалари нималардан иборат экани батафсил изоҳланди. Хонадонларда патронаж ва антромертиядан ўтказишни сифатли ташкил этиш учун тиббий бригаданинг ҳар бир ўрта тиббиёт ходими кунига 6тадан кам бўлмаган хонадонни самарали ўрганиши лозимлиги таъкидланди.

Тошкент тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулло Оқилов аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказишда рақамлар реаллигини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Хатлов пайтида хонадон аъзоларидан бирортаси уйда бўлмаган тақдирда бошқаларнинг сўзига асосланиб тахминий рақамлар ёзиб қўйишга йўл қўйилмаслигига тиббий бригада ходими шахсан жавобгар бўлиши зарурлигини айтди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарда.

Эслатиб ўтамиз, тиббий хатлов тадбирлари доирасида вилоятда 1535 тиббий бригада ташкил этилиб, ҳудудларга бириктирилган. Жараёнга тиббиёт олий ўқув юрти ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг 695 нафар амалиётчи талабалари ҳамда 75 нафар профессор-ўқитувчилари сафарбар этилган. Шунингдек, 38та захира тиббий бригадалари шакллантирилган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *