Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўзгарди
Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директори вазифасида ишлаб келган Равшан Тўлаков Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, тиббиёт фанлари номзоди, 48 ёшли Равшан Тўлаков Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали хирургия бўлими врачи, филиалнинг умумий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Маълумот учун, президентнинг жорий йил 12-13 ноябрдаги Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида тизимдаги қатор муаммолар танқидий кўриб чиқилган эди.
Янги раҳбарга ҳудуднинг тиббий салоҳиятини юксалтириш, чекка қишлоқ жойларига малакали тиббиёт ходимларини жалб қилиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш маданиятини ошириш каби қатор муҳим вазифалар юклатилди, дейилади хабарда.