Mahalliy

Ҳукумат маданият, мусиқа ва санъат коллежлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади

Маданият, мусиқа ва санъат соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Маданият, мусиқа ва санъат коллежлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маданият вазирлиги тизимидаги Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби негизида Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилган ва уларнинг фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • маданият, мусиқа ва санъат коллежларида таълим жараёни бошланғич профессионал (X-XI синфлар) ҳамда ўрта профессионал таълим (XI синфдан кейинги бир йиллик таълим) босқичларида амалга оширилади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежларининг асосий фаолияти маданият, мусиқа ва санъат соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежларида умумтаълим мактабларининг 9-синф негизида уч йил муддатда ўқувчиларга умумтаълим фанлари билан интеграциялашган ўрта профессионал таълим дастурлари бепул амалга оширилади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежлари ўрта профессионал таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган ва давлат намунасидаги диплом олган битирувчилар мазкур диплом асосида олий таълим муассасаларида таълимни давом эттириш учун ҳужжат топширишлари ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежларининг тайёрлов йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда улар бўйича қабул режалари Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежлари юридик шахс мақомига, ўз уставига, давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга, мустақил балансга, бошқа зарур муҳр ва штампларга Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварағига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
  • маданият, мусиқа ва санъат коллежлари Маданият вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зиё кўчаси 1-уйда жойлашган бино ва иншоотларни белгиланган тартибда Республика мусиқа ва санъат коллежи балансига берилишини таъминлайди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил ва келгуси йилларда Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда қуйидагиларни инобатга олади:

  • 2021-2022 йиллар мобайнида Республика мусиқа ва санъат коллежи ҳамда Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежининг бино ва иншоотларини капитал реконструкция қилиш, мебель жиҳозлари, компьютер техникаси ва лаборатория анжомлари, мусиқа чолғулари, ёритиш ҳамда овоз ёзиш ускуналари ва бошқа соҳага оид техник воситалар билан жиҳозлашни амалга ошириш;
  • Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи учун “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ҳудудида ўқув биноларини барпо этиш;
  • Республика мусиқа ва санъат коллежи ҳудудида 400 ўринли замонавий концерт зали, спорт зали ва 300 ўринли ўқув биносини қуриш ҳамда жиҳозлаш.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *