Mahalliy

ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН ҚАНДАЙ АХБОРОТДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОНУН БИЛАН ЧЕКЛАНГАН?

Бугун Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти суди раиси вакили Бахриддин Ахмедов, маъмурий ишлар бўйича Қарши туманлараро суди раиси Азамат Ибрагимов, Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судяси Шахзод Бахтиёров, Қашқадарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судяси Ўрал Неъматуллаев ва Қашқадарё вилояти суди иқтисодий ишлари бўйича судяси Давлат Раҳимовлар иштирокида «Суд органларининг очиқлиги ва шаффофлиги масалалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисларида иштирок этиш тартиби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, кейинги вақтларда жамият ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ошиб бормоқда. Журналистлар суд муҳокамаларида ҳам иштирок этиб, аҳамиятга молик ҳолатлар бўйича суд жараёнларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этаётир. Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, журналистлар қандай ҳолларда суд мажлисларида ҳозир бўлиши мумкин ва қандай маълумотларни омма эътиборига ҳавола этиб бўлмайди?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.

Айни пайтда, бу бўйича ахборотни олиш судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Ўз ўрнида, ОАВ муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга), судья эса суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.

Фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот сирасига давлат сирларига доир (“Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонун 3, 5-моддалари); қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Оила кодексининг 153-моддаси); шифокорлик сирига доир (“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонун 25-моддаси бешинчи қисми, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонун 19-моддаси) ҳамда қонунга асосан фойдаланиш чекланган бошқа ахборотлар киради.

Суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатда ахборотнинг умумфойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.

Журналист ва блогерларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш, хусусан, суд процессларини ёритишнинг ўзи хос жиҳатлари билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Вилоят суди судьялари иштирокидаги тадбирда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратиши, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланиши алоҳида қайд этилди.

Матбуот анжуманида журналистлар, блогерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *