БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС ВА УНИНГ НАТИЖАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта муҳим ташаббуси доирасида амалга оширлаётган ишлар замирида эртанги кунимиз эгалари бўлмиш болажонларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишлари кўзда тутилган бўлиб, бу ташаббус бугун энг чекка ҳудудларда ҳам ўзининг дастлабки натижаларини намоён этаяпти, десак хато қилган бўлмайман.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “ Маънавиятимиз, ғурур – ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни аямаймиз, бор имкониятимизни ишга соламиз ”, — деган сўзлари бу масаланинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.
Кўп йиллик ўқитувчи сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, юртбошимиз томонидан илгани сурилган бу ғоя миллионлаб оддий одамларнинг неча йиллик орзулари, хоҳиш истагининг ифодасидир. Сир эмас, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги тафаввут ортиб борганлиги. Ахир ким ҳам орзу қилмайди, мўъжазгина кутубхонада китоб ўқишни, замонавий интернет тармоқларида уланган компьютерлардан фойдаланишни, барча қулайликларга эга бўлган спорт заллаида машғулот ўтишни? Аммо, бунинг кўпи биз учун фақат орзулигича қолиб кетаётганди. Бугун ана шу орзулар рўёбига киришилди. Президентимиз томонидан барча даражадаги раҳбарлардан ёшларга эътиборни кучайтиришни талаб этилаётганлиги ҳам бу борадаги фикримиз исботидир. Қолаверса, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳолининг 30 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этиши ҳам масаланинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди. Шунингдек, кўпгина ёшларнинг қишлоқда истиқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак бу янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Бешта муҳим ташаббуснинг дастлабкиси, ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласида энг катта масъулият албатта биз устозларнинг зиммамиздадир десам хато бўлмайди. Ана шу ташаббус доирасида мактабимизда очилган турли тўгаракларда эртанги кунимиз эгалари нафақат билимларини ошириш, балки касб – ҳунар сирларини ўрганишни ҳам амалга оширмоқдалар.
Ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати бу кутубхоналар масаласидир. Сир эмас нафақат мактаб кутубхоналари, балки туманда китоб ўқиш учун зарурий шароитларга эга масканни топишнинг ўзи муаммо эди. Бугун эса мактабларнинг собиқ ўқувчилари, раҳбарлар ва хомийлар томонидан таълим масканларига совға қилинаётган китоблар, ҳар бир ҳудудга бир миллион дона бадиий китобларнинг етказилиши хайрли ташаббуснинг меваларидир. Шу жумладан бизнинг мактабимизга ҳам икки юздан ошиқ бадиий китобларнинг олиб келиниши ўқувчиларнинг эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу билан ёшларнинг маънавиятларини юксалтиришга ҳисса қўшибгина қолмасдан, эртанги кунимиз тараққиёти учун ҳам мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда.
Латифа АБДУЛЛАЕВА
Қарши туманидаги 69 – умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси