ЯНГИ ЙИЛДА ФАРЗАНДИНГИЗ УЧУН ЭНГ ЯХШИ СОВҒА
Ҳар бир байрам ўзига хос совғалари билан ажралиб туради. Айниқса янги йилда болажонлар Қорбобо ва Қорқиздан совға солинган қопларни кутишга ўрганиб қолишган. Шу боис бугун кўпчилик ота – оналарнинг ташвиши ортган. Ана шу мақсадда савдо дўконларини айланиб юрган ёш оила соҳибаларидан бирининг айтган гаплари бизни бу мавзуда ўйлашга, янаям аниқроқ қилиб айтганда, ушбу мақолани ёзишга сабаб бўлди.
— Болам олти ёшни қарши олаяпти. Унга янги йил совғасини тайёрлаш учун юрибман. Турли ширинликлар олдим. Аммо, бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу каби шоколад ва конфетларни болалар деярли ҳар куни истеъмол қилиб юришибди. Шу боис уларни ажаблантириш осон иш эмас. Уйинчоқ олай десам унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Нима десам экан. Аниқроқ айтганда ўзига хос, унутилмас совға тайёрлашни ўйлаб бошим қотиб турибди.
Ўқитувчи эмасмизми бирдан болажонларни кўз олдимизга келтирдик. Эндигина мактабга қадам қўйган жажжи ўғил – қизлар ҳар гал қўлига Алифбени олишганда улардаги ҳаяжон ва қувончни кўриб бу ҳис бизга ҳам ўтади. Ундаги ёзувларга, расмларга ҳавас ва ҳайрат билан боқиб турган болажонларнинг бу илк таассуротлари бир умрга хотираларида муҳрланиб қолади. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда ўз маслаҳатимизни бердик.
— 4 – 6 ёшдаги болалар учун энг яхши совға бу китоб. Ҳар хил эртак қаҳрамонлари ва турли — туман расмлар туширилган китоблар ҳозир шунчалик кўпайганки, улар орасида овозли эртаклар ҳам бор. Расмли эртак китобини болажонларга совға қилганда ота – оналарнинг ҳам ёрдамлари керак бўлади. Аввало, бу билан болангизда китобга нисбатан меҳр уйғотсангиз, иккинчи жиҳати бола мактабга боргунга қадар ҳарфлар, сонларни ўқишни ўрганиб ҳам олади.
Бу маслаҳатимиздан сўнг ўзимиз ҳам Қарши шаҳридаги китоб дўконларини кўздан кечирдик.
-Кечирасиз, сизга қандай китоб керак?
Сотувчи қизнинг бу хуш муомаласи кайфиятимизни кўтарди.
-Янги йилда болажонларга китоб совға қилмоқчи эдик. Агар имкони бўлса ҳали мактабга бормаган, кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган эртакларни кўрмоқчи эдик.
-Бизда бундай китоблар жуда кўп. Мана бу эртак китоб фақат расмлардан иборат. Унинг учун ота – оналар болаларга расмлар асосида ўзлари эртак тўқиб айтиб беришлари керак. Мана бу китобдаги эртаклар ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳам ёзилган. Бу айниқса, кичик китобхонларга бошқа тиллардаги сўзлар ҳақидаги тасаввурлар уйғотишда муҳим аҳамият касб этади. Яқинда Ўзбекистондаги нашриётларда болажонлар учун ажойиб совға тайёрланди. Энди ўзимизда ҳам овозли ва расмли эртак китоблари нашр этилмоқда. Мана илк маҳсулотлар. Қаранг қандай ажойиб расмлари бор. Мана бу тугмачани боссангиз болажонларга расм остидаги матнни ҳам ўқиб беради. Битта китобда иккита эртак жойлашган.
Рости бу ердаги эртак китобларни кўриб ўзимизнинг ҳам болаликка қайтгимиз келди. Ёш оила соҳибасига берган маслаҳатимиз қай даражада ўзини оқлашини билиш ниятида муқовасига “Ўзбек халқ эртаклари” деб ёзилган чиройли китобни харид қилиб кичик ўқувчиларимиз ҳузурига ошиқдик.
Ҳали Алифбени ўқиб тугатмаган 1- синф ўқувчилари қўлимиздаги китобни кўриб болаларга хос қизиқувчанлик ва соддалик билан сўрашди:
-Устоз бизга эртак ўқиб берасизми?
-Устоз бу китобни кимга берасиз?
-Устоз менга онам бу эртакни ўқиб берганлар.
Хуллас саволларнинг чеки йўқ. Ўқитувчи сифатида болаларнинг билимга бўлган рағбатини ошириш учун, кимки ораларингизда Алифбени биринчи бўлиб ўқиб тугатса китодни шу ўқувчига совға қиламиз, — деб жавоб қайтардик.
Биласизми кичик бу тажриба шу даражада катта мева бердики, энди ўқувчилар эртак китоб ўзлариники бўлишини истаб мустақил равишда ўқиб – ўрганишга киришишди. Уларнинг бу ҳолатини кўриб ота – оналар билан маслаҳатлашиб янги йил байрамида синфимиздаги барча ўқувчиларга китоб совға қилишни келишиб олдик.
Байрам яқин. Сиз ҳам фарзандингизга совға излаб юрибсизми? Унга сизга айтадиган маслаҳатимиз битта. Болангизга китоб совға қилинг. Ана шунда кичкинтойингизнинг байрам кайфиятига хушнидлик улашганинггизга ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Шаҳло Ғуломова,
Шаҳноза Ғуломова
Қарши шаҳридаги 10 – умумий ўрта таълим мактабининг
Бошланғич синф ўқитувчилари