Mahalliy

Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар (Қашқадарё…)

Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар

 

Қашқадарё…

Қадимий Қашқа воҳасининг Шимоли-Шарқидан то Жануби-Ғарбига қадар чўзилган; тоғу тошлар, ўру қирлар, дашту далалар қучоғида шамширдек ялтираб ётган жўшқин дарё.

Илк қудратни Ҳисор тизма тоғларининг қорли чўққиларидан олгувчи бу наҳри нодир Ҳазратибошир қишлоғига етганида Жиннидарё, Танхоздарё, Лангардарё, Урадарё, Қумдарё, Ҳузордарёга, янаям қуйироққа энганидан кейин эса Шўробсой, Макридсой, Оёқчисой, Қалқамасойларга бўлиб беради қучоғидаги бор нозу неъматларини.

Бир ёни Самарқанду Бухоро, бир ёни Сурхондарёю Туркманистон, яна бир томони Тожикистонга туташиб кетган қадимий ўлка — Қашқадарё вилояти ҳам мана шу сахий дарё номи билан аталади. Воҳанинг тарихи — “минг асрлар ичра пинҳон” — олисдан олис. Қажартепа, Мўйдинтепа, Ерқўрғон, Кеш, Нахшаб каби кўҳна манзилгоҳлардан топилган ёдгорликлар, ҳатто палеолит даврида ҳам бу заминда одамлар яшагани; Бўрижарсойнинг қуйилиш қисмида эса Милоддан аввалги IX-VIII асрларда, яъни бронза даврларида деҳқончилик беҳад ривожланганидан дарак беради. Сўғд маданиятига оид буюмлар, аршакийлар ҳукмронлигида зарб этилган тангалар ҳам Қашқадарё илдизлари бениҳоят чуқур эканига гувоҳдир.

Лекин кун кўриш, қора қозонни қайнатиш, бола-чақа боқиш ҳеч бир замонда осон бўлган эмас. Ўзбекнинг улуғ шоири, Қашқадарё фарзанди Абдулла Орипов куюниб ёзганидек:

Бош устингдан ўтди кўп замон,

Ўтди Будда, ўтди Зардушти.

Ҳар учраган нокасу нодон,

Она халқим, ёқангдан тутди.

Шундай бўлди. Босқинчи зоти борки, ёқадан тутди: Искандар тутди. Қутайба тутди. Чингиз тутди. Сон-саноқсиз даҳмалар қолди улардан. Кейин чоризм, ундан кейин коммунизм қурмоқчи бўлган хомхаёл ва шабкўр шўролар… Тутди. Урди. Сўкди. Талади. Бойлиги таланди, уйи таланди, гази таланди, нефти таланди, пахтаси таланди, дони таланди, нони таланди. Шундан кейин ҳам қонмади — қониқмади қонхўр иштаҳалар.

Сибирга сургун қилдилар, зиндонларга тиқдилар бегуноҳ жонларни. Биргина “пахта иши” деган уйдирма қирғин-қатағоннинг ўзида не-не оилалар вайрон қилинди, оналар боласидан, акалар укасидан айрилди, хўрланди, ҳақоратланди, ўлдирилди…

Давтоши марганецга, Яккабоғи тошкўмир, боксит, асбесту оҳакка, Гавхонаси калийга, Шаҳрисабзу Китоби мармар, графит, симобу рангли металларга, Қарши, Косон, Чироқчию Деҳқонободи газ ва нефть конларига, алқисса, ҳар қадами жавоҳирот хазиналарига макон бўлган ўлканинг меҳнаткашлари йиллар давомида камбағал-қашшоқ бўлиб қолаверди. Дарё-дарё газу нефтини очофатларча талаган каззоблар юрди кекириб. “Ўзи пиширган таоми ўзига насиб этмаган, бировларни кийгизиб, ўзи киймаган, юлдузни кашф этиб авом номини олган” юрт эгалари эса таппи-тезак тутатиб, рўзғор тебратишга мажбур бўлдилар.

 

Лекин офтоб поймол ўлмас,

Кавакларда қолмас ой нури.

Мустақиллик Ой нурлари билан нурафшон этди қадим Кеш осмонларини.

Шўролар замонида гоҳ Бухорога, гоҳ Сурхондарёга қўшиб юборилган ва ниҳоят, 1964 йилда яна алоҳида вилоят мақомига эга бўлган қадимий Кеш уйғонди.

Уч ярим миллиондан зиёд халқни елкасида опичлаб турган замин уйғонди.

Ўзбекистонда қазиб олинадиган табиий газнинг 88, нефтнинг 92, конденсатнинг 99,6, олтингугуртнинг 100 фоизини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 10,2 фоизини, жумладан, пахтанинг 11,8, ғалланинг 12, қоракўл терининг 19 фоизини етказиб берадиган саховатли ҳудуд уйғонди.

“Уйқучи Олимхон”га ўхшаган ерга битта чўп қадамаган амирлар, хонлар дастидан қултум сувга ташна чўлу биёбонларга баҳор ҳаволари кирди. “Лаблари хандону тубида доғи яширин” лолаларнинг чеҳрасига табассум инди.

Шувоқлару юлғунлар орасида қунишиб ётган, “насрга ярашмаса, назмга ярашмай”диган саҳро жонзотларига жон кирди.

Чўлларда илаклар, қўнғирбошлар, қизилчаю саксовуллар ғунча тугди. Адирларда ялтирбошу қўзиқулоқлар, тоғларда арчаю бодомлар, равочу заранглар, пистаю зирклар кўклади. Қоратепа, Чақаликалон, Осмонтарош, Яккабоғ, Кўкбулоқ, Чақчар, Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Ҳисор дараларида бўрию тулкилар, жайраю жайронлар, оқ тирноқли айиқлару морхўр эчкилар, бургутлару тустовуқлар, какликлару япалоққушлар овози эшитила бошлади.

Меҳнаткаш халқнинг занжирбанд қўллари ечилди, қулфи дили очилди. Билагига куч, белига қувват кирди. Эранлар астойдил бел боғлади гўзал ва афсонавий қўрғонларини обод қилишга. Бел билан билак бирикди, беш бармоқ йиғилиб мушт бўлди, кўп бирикиб эл бўлди, эл бирикиб сел бўлди, ип ипга қўшилиб арқон бўлди, қайрағочлар қалин бўлди, қишлоқлар сердарахт бўлди, қўллашиб кўтарган юк енгил бўлди, иноқлик қут-барака опкелаверди.

Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек даврида Шаҳрисабзда қурилган саройлар, мақбаралар, мачитлар қаторига 600 йил ўтиб яна чўққилар билан бўйлашгулик салобатли иморатлар бирин-кетин қад ростлади, воҳанинг олис ва чекка овулларида кўпкарили тўйлар “ёр-ёр”ларга уланиб кетди.

— Айниқса, охирги йилларда мисли кўрилмаган ишлар амалга ошириляпти. Қашқадарё тарихида ҳатто соҳибқирон бобомиз Амир Темур замонида бўлмаган ишлар бўляпти, — дейди қашқадарёлик фахрий журналистлардан бири Ҳусан Темиров айрича ифтихор билан. — Охирги етти йилда етмиш йиллик манзилдан ўтиб қўйдик.

Охирги йиллар…

Мана шу қисқа, жуда қисқа муддат нафақат Қашқадарёга, балки бутун Ўзбекистонга янги давр дарвозаларини катта очиб юборди. Асрлар бўйи қарамликда яшаган, ҳатто мустақилликдан кейин ҳам бошқа давлатлардан орқада қолган Ватанимизни дунё аҳли қайтадан таниди, тан берди.

Биргина Қашқадарёнинг ўзида иқтисодиёт беш йилда 3 каррага, жон бошига тўғри келадиган ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,5 каррага ўсди.

Қулай инвестиция муҳити яратилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари сони 3 бараварга кўпайиб, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 триллион сўм кредитлар ажратилди; қарийб 1,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, кредитлар ўзлаштирилди; дунёнинг 55 та давлатига Қашқадарёда ишлаб чиқарилган 1,4 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди; 650 та маҳалла ҳудудидаги жами узунлиги 7 минг километрлик йўл, 103 та кўприк таъмирланди, 530 та маҳалладаги 400 мингта истеъмолчининг электр, 214 та маҳалладаги 1 миллион 200 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Яна қатор-қатор боғлар, хиёбонлар, кўчалар, қўрғонлар…

— Ютуқларимиз қамрови Қарши чўлларидан кенг, Ҳисор тоғларидан баланд! — дейди яна бир қашқадарёлик журналист Абдужалол Тайпатов. — Ғалабаларни, муваффақиятларни бизга ўхшаш журналистлар ҳечам ўхшатолмайди. Ўхшатиб ёзиш учун камида яна битта Абдулла ака — Абдулла Орипов керак!

Абдулла Орипов!

Ўзбекнинг Шарқу Ғарбдаги улуғ даҳоларининг кенжаси.

“Мунажжимларнинг ҳисобларича, ҳар 800 йилда юлдузлар туркуми муайян бир тартибда жойлашади, яъни улар кийик шаклига киради, — деган эди Абдулла Орипов журналистлар билан бўлган суҳбатларининг бирида. — Фалакиёт оламида юз берадиган ана шу ҳодиса кунида туғилганлар Соҳибқирон бўлар экан. 800 йилликнинг бирида Искандар Зулқарнайн, яна бирида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, бошқасида эса Амир Темур ҳазратлари туғилган деган саноқни келтиришади. Бу борада маълум бир қонуният мавжудми-йўқми, бу хусусда бир гап айтиш мушкул”.

Албатта, мушкул. Аммо Амир Темур бобомиздан кейин орадан 605 йил, Алишер Навоий ҳазратларидан сўнг 500 йил ўтиб Абдулла Ориповнинг дунёга келишида ҳам қандайдир илоҳий сир — ҳикмат бордек туюлади менга. “Темур тиғи етмаган жойни Қалам билан олди Алишер”. Темур тиғи етмаган, аммо Навоий ҳазратлари қалам билан забт этган бепоён дунёлар узра мана энди Навоий наволарига эш бўлиб Абдулла Орипов шеърлари янграмоқда. Йиллар ўтгани сайин Аллоҳим Абдулла Орипов даҳосини ҳам бизга бекорга инъом этмагани аёнлашиб бораётир. Зотан, Абдулла Ориповнинг бу заминда туғилиши ҳам сира-сира тасодиф эмас.

Шарқ фузалолари “илм ва адаб қуббаси” деб таърифлаган Қашқадарё нафақат ер остию ер усти бойликлари, балки қадим-қадимдан маънавият бўстони сифатида ҳам дунёга машҳур бўлган. Насаф ҳадисшунослик мактаби Марв, Бухоро, Самарқанд мактабларидан кейин ҳадисшуносликнинг Марказий Осиёдаги тўртинчи дорилфунуни ҳисобланади. Жаҳон илмига бебаҳо ҳисса қўшган Насафийлар шу ерда камол топган. Хусрав Деҳлавийу Мирзо Бедил, Зиё Нахшабийу Сайидо Насафийдек таниқли шоирларнинг туб илдизи, Ер юзидаги бешта расадхонанинг бири бўлган — Мирзо Улуғбек номидаги улуғ кошона ҳам шу фараҳли ўлкада.

Воҳада бундан ташқари 1197 та археология, 208 та архитектура, яна кўплаб тарихий манзиллар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, жами 1468 та маданий мерос объекти бор.

Қашқадарё бахшичилик мактаби эса бебаҳо достон — ўхшаши йўқ достон! Абдулла бахши Нурали ўғли, Тоғай бахши, Зоир бахши Қўчқор ўғли, Умир бахши Сафаров, Азим шоир Хўжаев, Шомурод бахши Тоғай ўғли, Қаҳҳор ва Абдумурод Раҳимовлар дўмбирасини сайратганда чўл маволари тўлғанади. Овози Туркия, АҚШ, Россия, Франция, Ҳиндистон, Мўғулистондан ошиб кетган Қодир бахши Раҳим ўғли имраниб куйлаган қўшиқларни эшитганда эса ҳали-ҳануз тўқайлар қирғовуллар хонишига кўмилади, юлдузлар саргашта булбулларнинг беусул куйларига маст бўлиб рақсга тушади, кўкка тикилган минг йиллик чинорлар бахшиёна чайқалади, даралар дилхуш наволарга тўлади, руҳий олам жунбушга келади.

Мумтоз тароналар оғушида меҳмондўст қашқадарёликлар дастурхони атрофида чўкка тушиб Чиял яхнасию Ғузор тандиридан баҳраманд бўлиш эса… Дўстлар, айтинг, қайда бор бундай роҳат, бундай мўъжиза?

 

Бор!

Бу мўъжизаи асл ҳам Қашқадарёнинг ўзида. У юлдузлар чуғурлашиб тафсилот сўйлаб турган Қарши чўлларининг оқшомларида. Саратоннинг ёниб турган кунларида сароблар жимирлаб, кўҳна сардобалардан тутунлар чиқиб турган жазирамадан кейинги чўл оқшомлари шу қадар гўзал, шу қадар ёқимли бўладики, нафас олиб тўймайсан, симириб тўймайсан, яйраб тўймайсан! Кўзни юмиб, бир тасаввур қилинг: қуёш ботгани ҳамоно чўлу боғларни, дашту далаларни, қиру адирларни бахмалдек сокин тун қоплайди, кун бўйи тандирдай қизиб ётган маъво булоқ сувидек салқин шабадага кўмилади.

Билмаганлар билиб қўйсинларки, Қашқадарё заминида бир вақтнинг ўзида йилнинг тўртта фаслини кузатиш мумкин. Китоб, Шаҳрисабз тоғлари қорга бурканиб ётганда, Қарши чўлларида саратон кезинади. Ўша пайтда Яккабоғда баҳор, Таллимаржонда эса сахий куз таровати ҳукмрон бўлади. Шоирлар ҳам, рассомлар ҳам ожизлик қиладилар бундай бетакрор манзараларнинг таърифу тавсифига.

Шундай фараҳбахш лаҳзаларда Ҳисорнинг сервиқор зирваларига чиқиб, тепада қалқиб турган бепоён осмон остидан пастликларга кўз ташлаган одам яна бир мўъжиза билан юзма-юз келади: воҳа миллион-миллион чироқларга тўлган. Юлдузлар осмондаги азалий кўшкини тарк этиб, заминга сочилиб кетгандек гўё!..

Ана шунда сезасиз, ҳис қиласиз, кўрасиз сарбаланд бу ўлканинг қанчалар ўсиб, бахтга тўлиб бораётганини. Ва мабодо мўъжиза рўй бериб, Амир Темур ҳазратлари садоқатли тулпори “Кунўғлон” билан бир замонларда чанг-тўзонлар кўтариб ўтган Қарши, Нишон, Сандиқли қум, Қўнғиртов, Косонтов, Маймоқтов, Аловиддинтов чўлларига келиб қолгудек бўлсалар, қай ҳолатга тушар эканлар, деган ўй кечади кўнглингиздан. Шундай синоат содир бўлса, Соҳибқирон ҳазратлари олти юз йилдан сўнг дилидаги асрий орзу-армонлари рўёбга чиқаётганини, истиқлолимизни, миллатимизнинг қадди тикланаётганини кўриб, териларига сиғмай кетган бўлардилар.

Ахир воҳа эски чопонини ечди, билагини шимарди, белни маҳкам боғлади — ишга киришди. Шу ўринда яна айрим рақамларни тилга олишга тўғри келади. Қаранг, қисқа вақтда 16 минг хонадондан иборат 470 та кўп қаватли уй қурилди; 434 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 83 минг нафар ўқувчи ўрни яратилди; боғчалар сони 7 каррага ортиб, 4 минг 200 тадан ошди; хорижлик туристлар сони ярим миллионга, туристик хизматлар экспорти эса 100 миллион долларга етди. Бу рақамлар келажак учун тўкилаётган пешона терининг илк меваларидир.

Агар бу рақамлар, бу мевалар 2016 йилдаги ҳосил билан қиёсланса, улкан хирмоннинг салобати янаям яққолроқ кўринади.

Марказлашган ичимлик суви таъминоти 2016 йилда 21,9 фоиз эди, бу кўрсаткич 2024 йилда 65,2 фоизга етди. Кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2016 йилда 13 785 та эди, 2024 йилда 24 423 тага кўпайди.

2016 йилда кичик саноат зоналари, ёшлар тадбиркорлик саноат зоналари деган гаплар қашқадарёликларнинг луғатида ҳам йўқ эди. Бугун эса уларнинг сони 80 дан ошиб кетди.

Шу йиллар ичида мактабгача таълим муассасалари сони 326 та дан 3879 тага кўпайди. Биргина 2024 йилнинг ўзида 32 минг нафар фуқарога 598,5 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги йўналишида иссиқхоналарни кўпайтириш, мева-сабзавот ва боғдорчиликни, чорвачилик ва паррандачиликни, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш йўлидаги 20844 лойиҳа учун 438,1 миллиард сўм тақдим этилди. Бундан ташқари, хизматлар соҳасини кучайтиришга 86 миллиард сўм, ҳунармандлик соҳасига 51 миллиард сўм берилди. 20 минг фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Энг муҳими, ер ўз эгаларига берилди. Бир йилнинг ўзида 7 минг гектардан зиёд майдон ижара асосида узоқ муддатга деҳқон хўжаликлари учун ажратиб берилди.

Маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш, хизмат ва савдо объектларини ташкил этиш учун 1 триллион 470 миллиард сўмлик 25582 та микролойиҳа ишга туширилди ҳамда 43 мингдан ортиқ иш ўринлари очилди.

2024 йил аввалида 103 минг камбағал оила бўлиб, камбағаллик даражаси 11,5 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли бу кўрсаткич 8 фоизга тушди.

 

Энди ҳақли савол туғилади: хўш, нега нафақат қадим Қашқадарё аҳли, балки ҳар сиқим тупроғи олтинга тенг Туркистону Турон халқлари юз йиллар мобайнида чайлаларда яшадилар? Нега бири икки бўлмади? Нега бундан-да Қариб бўлган бошқа давлатлар, масалан, Жанубий Корея, Япония ёки бир ҳовучгина аҳолиси бўлган Сингапур 30 — 40 йил ичида жаҳондаги энг бой давлатга айланиб кетди? Ўтган асрнинг ўрталаригача қашшоқ бўлган Хитой-чи? У қандай қилиб бугун бутун дунёни қойил қилаётир? Хитой давлати 1990 йилдан буёғига қандай қилиб 730 миллион фуқаросини камбағалликдан қутқазди? 1990 йилда қашшоқлик даражаси 66,6 фоиз бўлган бу давлат қай йўсинда кўрсаткични 2 фоиздан ҳам пастга туширди?

Хитой билан боғлиқ яна бир характерли ҳақиқат: бундан 600 йиллар аввал, яъни 1500 йилларда Хитой дунёда энг ривожланган давлатлардан бири бўлган. Унинг иқтисодиёти ўша пайтларда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизини ташкил қилган. 1950 йилга келганда эса бу кўрсаткич 5 фоизга тушиб қолган. Ўтган асрнинг 50 — 60-йилларида “арслон” яна уйғонди, унинг глобал ички маҳсулотдаги улуши 19 фоиздан ошди. Ўсиш тарихи катта реформатор Дэн Сяопин номи билан боғлиқ, дейишади жаҳон сиёсатчилари. Дарҳақиқат, Дэн Сяопиннинг 1970 йилларда илгари сурган ислоҳотлари кўп йиллар ҳаракатсиз ётган иқтисодий гигантни озодликка чиқариб юборди. Хитой шу даражада юксалдики, ҳатто “Вашингтон Пост” газетасида “Хитой Американинг илм-фандаги ҳукмронлигига тобора кўпроқ соя солмоқда” деб ёзишга мажбур бўлишди. Яна ўша газетада алоҳида таъкидландики, кейинги вақтларда АҚШнинг энг нуфузли муассасаларидаги кўплаб олимлар лаборатория ташкил этиш учун Хитойга кетиб қолмоқда…

Хитойнинг тараққиёт йўллари нималари биландир Янги Ўзбекистон йўлларига ўхшаб кетади.

Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайланиши ҳам мамлакат ҳаволарида қуюқлашган туманларни тарқата бошлади. Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича менежери Энтони Слив Бауер бу ўзгаришлар жараёнини холисона баҳолаган. У бундай дейди:

“Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қарорлар қабул қилиш жараёнини ўзгартириш, фуқаролик жамиятини жонлантириш, сиёсий рақобатни рағбатлантириш, инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳал этиш ва мамлакат мақомига мос фуқаролик маданиятини шакллантириш бўйича жадал сиёсат олиб бормоқда.

Ҳозир амалга оширилаётган ўзгаришларнинг илдизи Мирзиёев 2003 йил Бош вазир лавозимига тайинланиши билан боғлиқ. У миллий-сиёсий мунозаралар натижасида қилган хулосалари асосида жимгина ишлади, чунки мамлакатда ўзининг улкан салоҳиятидан фойдаланишига тўсиқлар бор эди.

Президент томонидан таклиф этилган ва ҳозир амалга оширилаётган кўплаб дастурлар ички сиёсий ландшафтни қайта шакллантириш, фуқаро ва давлат ўртасидаги туб муносабатларни ўзгартириш ҳамда узоқ вақтдан бери ташқи қудратли кучлар таъсири остида бўлган минтақада геосиёсий тартибни қайта мувозанатлаш мақсадини кўзлаган.

2016 йил декабрь ойидаги Президент сайлови олдидан бўлиб ўтган сайловолди ташвиқоти жараёнида Мирзиёев халққа хизмат қиладиган, очиқ ва шаффоф тамойилга асосланган ҳукуматни шакллантириш йўлидан борди. Бу мустақил Ўзбекистон ва бошқа кўплаб собиқ совет республикалари тажрибасидаги янгилик эди”.

Сиёсатчи айтганидек, Ўзбекистон Президенти бошлаган ишлар нафақат собиқ совет республикалари, балки жаҳоннинг бошқа мамлакатлари учун ҳам ибратли эди. Аммо мақсадга эришиш — олдиндаги сон-саноқсиз муаммоларни енгиш, чангу тўзонларга чидаш, пасту баланд йўлларни орқада қолдириш… Ва яна катта карвон ичидаги бир томчи сувни дарё билгувчи қумурсқа мижозларни, игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқадиган нодонларни, ҳовузни бир кесак билан лойқалатиб ташлайман дегувчи калтабинларни (гарчанд ундайлар денгиздан томчи каби эса-да) тўғри йўлга ундаш, сафга тортиш осон бўлмади.

Иш ишсизлик ва камбағалликни камайтиришдан бошлангани боис мамлакатда тадбиркорлар сафи кенгайди. Илм-фанга, инновацияга, ҳаётнинг барча жабҳаларига эътибор кучайди. Инфратузилмадаги оқсоқлик, инновация ва сармоя киритишдаги хатоликлар тузатилди, бозор яратиш, сифатсиз таълим ва соғлиқни сақлашдаги камчиликларга барҳам бера бошланди. Энг муҳим тамойил — муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилиб, юқори ижтимоий ҳаракатчанликни таъминлайдиган адолатли жамият пойдеворига дастлабки ғиштлар қўйилди. Қулай муҳит туфайли янги шаклланаётган бозорларда муваффақиятли лойиҳалар пайдо бўлди, инвесторлар келди, инноваторлар кўпайди.

“Инсон қадри учун” формуласи билан “Инсон — жамият — давлат” тамойиллари Янги Ўзбекистоннинг чин Қоясига айланди. Тўпланган тажрибалар эса “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини дунёга келтирди.

Мен бу ерда янгича ёндашув туфайли 2030 йилгача Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши камида 6 фоизга, миқдори эса 200 миллиард долларга етказилиши, камбағаллик қисқариши, аҳоли фаровонлиги бир неча баробарга ошиши борасидаги аниқ режаларга тўхталмайман. Зеро, улар алоҳида мақолаларнинг мавзуларидир.

Ҳозир сўз Қашқадарё ҳақида бораётир. Гапнинг рости шуки, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кейин воҳадаги ижтимоий-сиёсий иқлим тамомила янгиланди. Янгиланиш илдизлари Президентнинг вилоятга қилган ташрифларига боғланиб кетади. Президент 2017 — 2024 йиллар давомида Қашқадарё вилоятига 11 марта ташриф буюрди.

Ташрифларнинг ҳар бири, бадиийроқ ифодалаганда, ҳали очилмаган булоқларнинг кўзларини очди. Боғларга баҳор ҳаволарини олиб кирди. Мудроқ кўнгилларни уйғотди. Масалан, 2017 йилгача Ўзбекистоннинг қарийб 20 фоиз пахтаси етиштириладиган воҳада арзигудай тўқимачилик корхонаси йўқ эди. 2016 йилнинг адоғида Қарши туманидаги “LT Textile International” хорижий корхонаси, 2017 йилда Қарши шаҳридаги “Sulton Tex Group” МЧЖнинг тўқимачилик корхоналари, ундан кейинги йилларда Қарши туманидаги “KHILAL TEX” LLC, “Қарши Агро кластер” МЧЖга қарашли “Ийман текстиль” масъулияти чекланган жамияти, Косон туманидаги “Koson Baxt Tekstil” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлаб юборди. Натижада авваллари етиштирилган 400 минг тонна пахта хомашёсининг 53 фоизи қайта ишланган бўлса, бу кўрсаткич эндиликда 100 фоизга етди.

 

Келгусидаги режалар бундан-да катта, бундан-да салмоқли.

2025 йилда биргина тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 26 минг фуқарога 616 миллиард сўмлик имтиёзли кредит берилади. Барқарор даромад манбаини яратиш учун 4141 кишига 25,2 миллиард сўмлик субсидия ажратилади. 21,5 минг фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилади. Аҳоли даромадини ошириш учун деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш мақсадида пахта ва ғалладан қисқартирилган 5850 гектар ер 11 минг 700 нафар кишига бўлиб берилади. Маҳаллаларда 33 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилиб, 66 минг нафар кишининг бандлиги таъминланади. Янгидан 6820 та юридик мақомдаги ва 8395 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил этилади. Мақсад 2025 йилда 21 минг 797 та оилани камбағалликдан чиқаришдир. Бунинг учун барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш орқали 83 минг 795 киши ишли бўлади. Натижада йил охирига бориб камбағаллик кўрсаткичи 6,4, ишсизлик даражаси 5,4 фоизгача пасаяди.

Катта режалар катта ҳаракатларни ва мавжуд муаммоларни жой-жойида ҳал қилишни талаб этади. Лекин муаммолар ҳам оз эмас. Мисол учун, вилоятда умргузаронлик қилаётган 3,6 миллион аҳолининг 1 миллион 847 мингга яқини иш билан таъминланган эса-да, яна 83 минг кишига иш топиб бериш лозим. Юз-юз чақиримлаб йўлларни тузатиш, мактаблар қуриш, боғчалар сонини кўпайтириш, хонадонларни тоза ичимлик суви, газ, электр билан таъминлаш…

Бироқ оила аҳил бўлса, омад ўз оёғи билан келади, дейишади боболаримиз. Давлатнинг кучи — оғизбирликда. Кўп бирикса, эл бўлади, эл бирикса, сел бўлади. Ер ости ва ер усти бойликлари беҳисоб бўлган қашқадарёликларнинг тили ҳам, дили ҳам, мақсаду муаммолари ҳам битта — худди бир кеманинг жон-тани бир жасур денгизчилари каби. Амир Темурдек саркардалари, Абдулла Ориповдек шоирлари, Қодир бахшидек бахшилари, кураги ерга тегмаган донгдор полвонлари, миришкор деҳқонлари, боғбонлари, мамлакатнинг ярмини гўшт билан таъминлаб турган моҳир чорвадорлари, ғурури Оқсарой каби баланд одамлари бўлган бу ўлка баланд чўққилар томон илдам одимлар ташламоқда.

Иложин топса агар,

кетмоннинг дастасин ҳам

Ерга қадаб термулиб,

кўкартиргувчи бу халқ.

Жазм этса кўкка бўяр

жаҳон харитасин ҳам,

Бугун чўлга чиқибди,

нияти топсин барҳақ.

Шундай — Абдулла Орипов ардоқлаган мард, танти, чапани, бир сўзли, ваъдасида турадиган, қўли очиқ, меҳмондўст қадим Қашқадарё халқининг нияти, албатта, барҳақ топади, ушалади. “Шўртан газ-кимё” мажмуаси, Шўртан нефть ва газ ишлаб чиқариш бошқармаси, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи каби Марказий Осиёда қиёси йўқ корхоналари бўлган Қашқадарё Улуғ дарё бўлади ҳали!

Зотан:

Халқ денгиздир,

Халқ тўлқиндир,

Халқ кучдир.

 

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *