Биз собиқ Совет мустамлакачилиги даврини соғинишимиз мумкинми?!
Ҳар бир ижтимоий-сиёсий ва тарихий бирлик вакиллари қанча ўзларининг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва миллий ўзлиги ва ижтимоий ҳаётни теранроқ ва атрофлича англай борсалар, шунча уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва миллий онги ҳам ўсиб боради. Бу ҳолда улар ўзларининг мақсад ва манфаатларини ҳам теранроқ ва атрофлича англай бошлайдилар. Уларнинг онгидаги бундай ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида уларнинг ғоя ва мафкураларининг ривож топишига олиб келади, чунки улар энди ўзларининг ғоя ва мафкураларида ўз мақсад ва манфаатларини тўлароқ ва яққолроқ ифода этишга эришадилар.
Ҳар қандай мафкура қанча ҳақиқатга яқинроқ бўлса, у шунча ривож топган бўлади ва унинг ҳаётийлиги ва амалга ошиш имкониятлари ҳам анча ошади. Инсоният тарихида шундай мафкуралар амал қилганки, улар ҳақиқатдан анча узоқда бўлган. Масалан, коммунистик мафкура бўйича, худо мавжуд эмас, коммунистик жамиятда миллатлар йўқ бўлиб кетади ва жамият аъзолари ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд мол-мулк, ноз-неъмат ва бойликлардан истаганича фойдаланиши мумкин бўлади ва ҳоказолар. Бундай ғояларга асосланган мафкуранинг қанчалик ҳақиқатдан узоқ эканлигини, собиқ советлар давлатининг фожиали хотимаси яққол кўрсатди.
Кейинги етмиш йиллардан ҳам кўпроқ вақт давомида Ер юзида нафақат ҳеч қандай дунёвий умуминсоний ғоя ва мафкура амал қилмади, билъакс бу йиллар давомида икки бир-бирига зид бўлган социалистик ва капиталистик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тизимлар ўртасида «совуқ уруш» деб ном олган, мафкуравий-ғоявий кураш давом этди. Бу мафкуравий-ғоявий кураш одамзодга беадад мусибатлар келтирди, яъни қанчадан-қанча инсонлар беҳудага ҳаётдан кўз юмдилар, кўплаб моддий бойликлар сарф-ҳаражат қилинди, миллионлаб одамларнинг онги вайронкорлик ғоялари билан заҳарланди, дунё халқлари ўртасида душманлик ҳиссиёти уйғотилди, табиатда экологик бўҳрон кучайди ва бошқалар.
Бу фикрлардан келиб чиқиб шуни аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда тобора кескинлашиб кетаётган глобал жараёнларни сусайтириш ва йўқ қилиш учун, жаҳон тараққийпарвар кучлари тезроқ умуминсоний ғоя ва мафкуранинг юксалиши ва амал қилишига ўз эътиборини кучайтириши зарур.
Собиқ советлар давлати даврида халқимизнинг онгига коммунистик ғоялар анча сингдирилган эди. ХХ асрнинг 90-йиллари бошида халқимиз мустақилликка эришгач, биз бу ғоялардан очикдан-очиқ воз кечганимиз билан, тезда уларнинг ўрнини тўлалигича миллий ғоя ва мафкурамиз эгаллай олмади. Бундай мафкуравий вазиятдан ҳам, ташқи сиёсий кучлар, фурсатни бой бермасдан, фойдаланиб қолишга киришиб кетдилар. Уларнинг уринишлари беҳуда кетмади. Масалан, ёшларимизнинг бир қисми миллий урф-одатларимизга бефарқ қарайдиган бўлиб қолдилар, наркотик моддалар истеъмол қилувчиларнинг сони кўпайди, жамоада сўкиниш, оилага юзаки қараш, ўз вақтида оила қурмаслик, ёлғон гапириш, алдаш, бошқаларга зўравонлик ўтказиш, бадиий китобларни кам ўқиш, яхши ўқимаслик, чет мамлакатларга кетиб қолиш, ўғирлик қилиш ва бошқа иллат ва қусурлар анча кўпайди. Коммунистик ғоя жамиятнинг барча соҳаларига чуқур сингдирилди.
Маълумки, ўзбек халқи мустақилликка эришмасдан олдин, етмиш йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида шундай сиёсий ва мафкуравий зўравонликларга асосланган жамиятда яшаб келди, шу сабабли у беҳисоб моддий ва маънавий зарар кўрди, не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирди, халқимизнинг қанчадан-қанча асл фарзандлари маҳв ва қатағон этилди.
Юқорида айтганимиздек, халқимиз етмиш йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида мустамлака шароитида «қизил» мафкура тазйиқи остида яшаб келди. Айтиш мумкинки, хақиқатан ҳам халқимиз шу даврда ўзининг тақдири ва ихтиёрини мажбуран унга ёт бўлган кучларга бериб қўйган эди. Шу йиллар давомида, халқимиз ўзининг миллий онги ва миллий мафкурасини унита бошлади ва шунинг учун ҳам, бир ҳисобда, жамиятимизнинг ривожи секин кечган эди. Алқисса, халқимиз мустақилликка эришганидан бери ўзининг бой маданий-маънавий қадриятларига таяниб, тобора ўзлигини теран англаб, миллий ғоя ва миллий мафкура унинг эътиқодини эгаллаб бориши натижасида, жамиятимизнинг ривожи кундан-кунга тезлашиб бориши кузатилмоқда.
Ҳар қандай жамиятнинг тарихий тараққиёти даврида шундай сиёсий, маънавий-маданий ва бошқа ўзгаришлар содир бўлиши мумкинки, айни шу ўзгаришлар туфайли, одамлар ўзларининг уларга ҳеч ҳам маъқул бўлмай қолган ёки маъқул бўлмаган мафкуравий қарашларини рад этиб, ўрнига янги шароит билан боғлиқ бўлган мафкурани ўзлаштириб олишга улгуролмаслиги мумкин. Мана шундай ҳолат Ўзбекистонда 1990 йилнинг бошида вужудга келган эди. Бунинг асосий сабаби — собиқ советлар давлати даврида халқимизнинг миллий руҳи ва маънавий эҳтиёжларига ёт бўлган, 70 йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида жамиятимизда зўрлик ва ёлғон-яшиқ билан амалга оширилган коммунистик ва советлар мафкураси, XX асрнинг 80-чи йилларида таназзулга юз тутиб ўз умрини ўтаб бўлганлигидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозир диёримизда миллатлараро тотувлик ғояси миллий ғоянинг асосий ғояларидан бири сифатида давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўлақонли амал қилиши учун керакли бўлган қонун-қоидалар қабул қилинмоқда.
Ўзбекистонда собиқ совет тузуми ўрнатилиши билан коммунистик мафкура жамиятда ягона мафкура сифатида амал қила бошлади. Унинг мазмуни «адолат», «тенглик», «эркинлик», «тинчлик», «дўстлик», «байналминаллик» ва шу каби олижаноб ғоялар билан бойитилган бўлсада, аслида у вайронкор истилочилар мафкураси эди.
Инсон манфаатларига мутлақо зид бўлган бундай мафкура бир неча ўн йиллар мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноинсоний тажрибалар ўтказди. Ўша даврда «совет маданиятини яратиш», «шаклан миллий, мазмунан социалистик, руҳан байналминал маданият барпо этиш», «кишиларнинг янги тарихий бирлиги — совет кишисини тарбиялаш», «социализм ривожланиб боргани сари синфий курашнинг кучайиб бориши» тўғрисидаги ғайриилмий хулосалар совет турмуш тарзининг ғоявий- мафкуравий асослари эди.
Жамиятда содир бўлаётган ҳар бир ижтимоий ҳодиса, воқеага синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлиш туфайли собиқ СССРдаги барча республикалар қатори Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятидан ажралиб қолди. Натижада мамлакатда коммунистик мафкуранинг якка ҳокимлик тизими юзага келди. Фикрий ривожланишда ғоявий-мафкуравий боқимандалик авж олди, ҳурфикрликка «сиёсий саводсизлик», «ғоявий камбағаллик», «миллатчилик» сингари ёрлиқлар билан зарба берилди.
Табиийки, 70 йилдан ортиқ давр мобайнида олиб борилган бундай ишлар ўзининг натижасини кўрсатмай қолмайди. Жамиятда ижтимоий барқарорлик, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик, лоқайдлик юзага келди. Одамларда эртанги кунга ишонч йўқолди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йилларидаги «қайта қуриш» давридан бошлаб ҳар қандай «изм» ларга кишиларда ишонч йўқола борди. Ғоявий-мафкуравий субитсизлик эса ғоявий-мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига сабаб бўлди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилаётган бўлса, 100 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қўлга киритилган энг катта ютуқ ҳам жамиятда миллатлараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш бўлди. Барча миллат ва элат вакилларининг тенг ҳақ-ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлиши, улар манфаатларининг Конституцион асосда муҳофаза этилиши мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда шаклланиб, ривожланаётган миллий ғоя барча миллатларнинг манфаатларига мос. Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакилларининг ғояси бўлиб қолмоқда.
Шўролар даврида «миллатчи», «аксилинқилобчи» деб аталган зиёлилар олиб борган ҳаракатлар ҳам миллий озодликни қўлга киритишга уриниш, адолат ва ҳақиқатга эришиш йўлида олиб борилган кураш десак тўғри бўлади. Бу курашларда халқимиз кўп жафо чекди, минглаб ватандошларимиз жаҳолат қурбонлари бўлди. Ўша даврда миллий манфаат ватанга, она заминга меҳр–муҳаббат деган ҳис – туйғулар аста – секин сўндирила бошлаган эди. «Ватан» тушунчаси эса мавҳум бир умумий ҳолга келиб қолганди. Ҳамма нарса – «Умумсовет» манфаатига қаратилганди. Ҳар бир миллат, халқ минг йиллардан буён яшаб келаётган ўз ватани учун қайғуришга ҳақли эмасди. Охир оқибат шунга етдики, собиқ Иттифоқ даврида бу мамлакатда яшаётган халқлар, шу жумладан ўзбеклар ҳам ўз ватанида беватан бўлиб яшашга мажбур бўлдилар.
Мустақиллик туфайли биз ўзимизнинг ҳақиқий ватанимизни топдик. Бу мустақилликнинг бизга берган олий неъматидир. Ватани мустақил халқнинг ўзи ҳам мустақил бўлади. Юрти озод ва эркин одамнинг тақдири ўз қўлида бўлади.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати,
тарих фанлари доктори, профессор Ю.А.Эргашева