Mahalliy

Ўзбекистонни чет эллик туристларга аста-секинлик билан очиш имкониятлари ўрганилмоқда

1 июнь куни Ўзбекистон туризм қўмитаси ташаббуси билан “Тикланиш сари йўл” мавзусида халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади.

“Ҳурматли Бош котиб! Ҳурматли ҳамкасблар ва конференция иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Бутунжаҳон туризм ташкилоти, шахсан Бош котиб жаноб Зураб Пололикашвилига бугунги, бизнинг фикримизча, ўта муҳим ва ўз вақтида ташкил этилган анжуманни ўтказишда кўрсатган ташаббусингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Шунингдек, конференцияда қатнашаётган ҳар бир иштирокчини қутлаб, миннатдорчилик билдираман.

Сўнгги ойларда дунё ҳамжамияти COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган мисли кўрилмаган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда. Даҳшатли вабо, айниқса, мамлакатларимиз миллий иқтисодининг муҳим тармоғи бўлмиш туризм секторига катта талафот етказди.

Туризм ва унга яқин соҳалардаги миллионлаб иш ўринлари бўшаб қолди. Кичик ва ўрта бизнес улкан молиявий қийинчиликлар гирдобида қолди. Шу боисдан бугунги халқаро анжуман кун тартибига киритилган масалалар минтақамиз ва барчамиз учун фавқулодда муҳим саналади.

Ўзбекистон раҳбарияти туристик фаолият билан шуғулланувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш йўлида кенг кўламли ва мақсадли чора-тадбирларни қабул қилаяпти.

Шунингдек, Бутунжаҳон туризм ташкилоти тавсиялари, халқаро экспертлар фикрлари, хорижий ҳамкорлар тажрибаси батафсил ўрганилиб, туризм индустриясини қайта тиклашнинг самарали ва мақбул (тўғри) стратегиясини ишлаб чиқиш ва мамлакатимизни чет эллик меҳмонларга аста-секинлик билан очиш имкониятлари кўрилмоқда.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг янги босқичи

“Хавфсиз саёҳат қилинг!” тамойилига асосланади. Янги ёндашувнинг асосий мақсади – мамлакатда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва қайта тиклаш, санитария-гигиена стандартларини яхшилаш ва туризмни ташкил этишнинг янги талабларига мослашишдир.

Бугунги кунда юзага келган инқирозни енгиб ўтиш учун туризм ҳар доимгидан кўра, ҳамжиҳатлик, тезкор чоралар ва яқин ҳамкорликни талаб қилади. Ишончимиз комилки, ушбу даражадаги тадбирлар самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка, қуйидаги соҳалардаги амалий ечимларни топишга ёрдам беради:

— туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд инқирозни енгиб ўтишнинг энг самарали чоралари/усуллари бўйича тажриба алмашиш;

— пандемиядан кейинги даврда сайёҳлар учун хавфсиз шароитларни яратиш;

— минтақавий ва халқаро даражада ҳамкорликнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Шу йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш борасидаги шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини имзолади.

Биринчи блок қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олди:

* даромад солиғи ва мулк солиғи ставкаларини 50 фоизга пасайтириш

(2020 йил 31 декабргача);

* қўшилган қиймат солиғини 10% га камайтириш;

* дезинфекциялаш воситалари ва туризм инфратузилмаси учун контактсиз ускуналар га бож имтиёзлари бериш;

* кўрилган зарарлар миқдорини чекламаган ҳолда 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича ўтказиш ҳуқуқини бериш;

* туристик солиқни ҳисоблаш ва тўлашни 2021 йил 1 январгача тўхтатиб туриш.

Иккинчи блок қуйидагиларни ўз ичига олади:

* жойлаштириш воситалари қурилиши учун илгари берилган ссудалар бўйича асосий қарзни узайтириш (18 ойдан 24 ойгача);

* 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз кредитлар бериш:

* 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан кўп бўлмаган миқдорда туроператорларга;

* ҳар бир ётоқ жой учун беш баравар миқдорида базали ҳисоблаш қиймати;

* жойлаштириш воситалари қурилиши учун берилган кредит бўйича фоиз ставкаларини (10 фоизгача) субсидиялаш, янги санитария-гигиена стандартларига мувофиқлаштириш ва айланма маблағларни тўлдириш.

Учинчи блок — туризмни қўллаб-қувватлаш Фондининг субсидиялари ва грантлари ҳақида:

* туризм соҳасидаги инновацион бизнес ғоялар ва “стартап” лойиҳаларини амалга ошириш учун субсидиялар ажратиш (1,5 млрд. сўм миқдорида);

* миллий туроператорларга қуйидаги имкониятлар тақдим этилади:

* ҳар бир чет эллик сайёҳ учун 15 АҚШ доллари миқдорида субсидия;

* сотиб олинган темир йўл ва авиачипталар нархининг 30 фоизини қоплаш;

* хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш учун меҳмонхоналар харажатларини қоплаш;

* 3 юлдузли меҳмонхона — ҳар бир хонага 5 миллион сўм;

* 4 юлдузли меҳмонхона — ҳар бир хонага 10 миллион сўм;

* 5 юлдузли меҳмонхона — бир хонага 15 миллион сўм.

* овқатланишнинг тематик пунктлари, овқат ва сувенир маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари учун лойиҳа қийматининг 30% миқдорида грантлар тақдим этилади;

* янги туристик маҳсулотлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича гидларга — 5 млн. сўм, туроператорларга — 10 млн. сўм миқдорида грант ажратилади.

Инқирозга қарши жамғарманинг умумий фонди 110 миллион АҚШ долларидан ошди.

Ишончимиз комилки, туризмни жадал тиклашга қаратилган ушбу ва бошқа кўплаб чора-тадбирлар 500 миллион АҚШ долларидан ошиқ туристик пул айланмаси ва 350 миллион АҚШ долларидан ортиқ туристик хизматлар қўшимча экспортининг вужудга келишига замин яратади.

CОVID-19 пандемияси туфайли юзага келган янги воқеликлар, туризм ва дам олишни ташкил этиш, ички ва ташқи туризм учун хавфсиз муҳитни яратиш жараёнига қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда, «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган» лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳа жаҳон стандартларига асосланган янги санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг янги тизимини назарда тутади.

Янги санитария-гигиена талаблари асосида туризм объектларини ва тегишли инфратузилмани, туризм хизматларини сертификатлаш қуйидагилар учун мажбурий ҳисобланади:

* барча давлат чегара пунктлари;

* ҳаво, темир йўл ва автовокзаллар;

* моддий маданий мерос объектлари, музейлар, театрлар ва бошқа маданий объектлар.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда туризмнинг “хавфсиз объектлари реестрини” шакллантириб, тўлдириб боради.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *