Mahalliy

ҚАШҚАДАРЁ АҲЛИНИ ЯКДИЛЛИККА ЧОРЛАЙМИЗ!

Бугун Қашқадарё воҳасида элимиз сабрсизлик билан кутган хушхабар тарқалди. Қисқа вақт ичида дунёни ларзага солган коронавирус номи билан тарқалган касалликнинг чекина бошлаганлиги яққол кўрина бошлади. Вилоят ҳокимининг таклиф ва ташаббуслари эътиборга олиниб, Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан вилоятимиз ҳудуди 2020 йилнинг 6 май санасидан — «Яшил» тоифадаги ҳудуд — коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган (ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган) ҳудуд деб эълон қилинди.
«Яшил» тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда савдо мажмуалари фаолият юритишига қуйидаги талаблар асосидагина рухсат берилди:
ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИЛАР — йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши лозим;
САРТАРОШХОНА ВА ГЎЗАЛЛИК САЛОНЛАРИ — хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари — тиббий халат ёки комбинизон, тиббий ниқоб (№95 ёки устма-уст 2 та оддий спанбонд ниқобли), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда «1 та хизмат кўрсатувчи шахс — 1 та мижоз» тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши лозим;
САВДО МАЖМУАЛАРИ — қатъий ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат этилади, бунда: савдо мажмуасининг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.
— парк ва истироҳат боғлари фаолиятига (аттракцион ва кўнгилочар объектлар фаолияти бундан мустасно),
— автотранспортларнинг стикерсиз ҳаракатига,
— давлат ташкилотларида фуқаролар қабулларига ҳам рухсат берилади.
Қашқадарё эли ушбу хушхабарни мамнуният билан қарши олганлиги шубҳасиз! Чунки вилоятда карантин талабларига риоя этиш, аҳоли соғлигини ҳимоя қилиш юксак ташкилотчилик асосида уюшқоқлик билан йўлга қўйилганлиги ўз ижобий самарасини кўрсатди. Натижада вируснинг вилоят ҳудудига кириб келиши ва тарқалиши олди ўз вақтида олинди.
Албатта, карантин чекловларининг юмшатилиши энг аввало халқимиз турмуш шароитларини инобатга олиб қилинган хайрли ишдир. Карантин қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борувчи мутасаддилар ҳудудларимизда комиссия томонидан жорий этилган талабларга нечоғлик риоя этаётганлигимизни мунтазам кузатиб боришлари табиий ҳолдир. Орамизда ўрнатилган тартибларни бузиш ёки шунга ўхшаш бирор ножўя ҳаракатлар содир этилиши ҳолатлари қайд этилган тақдирда берилган барча имтиёзлар Республика Махсус комиссияси қарори билан тезкор бекор қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинган.
Ҳали коронавирус пандемияси давом этаётган шароитда ва республикамизнинг баъзи бир ҳудудларида хавф мавжуд бўлиб турган бир вазиятда бизга берилаётган шунча имтиёзлар вилоятимиз халқи зиммасига катта масъулият юклаётгани ҳам ҳақиқатдир. Баъзи бир мутахассисларнинг фикрича, дунёда пандемиянинг иккинчи ва учинчи босқичлари бўлиши мумкин. Шундай экан, биз ҳар қачонгидан ҳам кучли интизом билан ўзимизга берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланишимиз, бошқа тоифадаги ҳудудлар аҳолисига намуна бўлиш даражасида ҳар бир саъй-ҳаракатимиз учун масъулиятимизни оширмоғимиз, тақдим этилган имтиёзларга муносиб эканлигимизни амалда хулқ-атворимиз билан исботлашимизни давр тақозо этаётганлигини ҳар тарафлама чуқур англаб етмоғимиз зарур деб ҳисоблайман.
Барча Қашқадарё аҳлини ҳамда карантин туфайли вилоятимизда вақтинча яшаб қолган меҳмонларимизни карантин талабларига оғишмай риоя этишга давъат этаман!
ЭРГАШЕВА ЮЛДУЗ, Халқ депутатлари Қашқаларё вилоят Кенгаши депутати

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *