Янги қонун лойиҳаси халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида муҳокама қилинди
Бугун Тошкентдаги «Пойтахт» бизнес-марказида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда халқаро экспертлар, сенатор ва депутатлар, соҳа мутахассислари, мамлакатимиздаги ОАВ раҳбарлари, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Муҳокамада қонунга таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилишича, амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга 2018 йилда ҳам зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди. Бугунги кунга келиб, ўтган икки йил вақт оралиғида соҳада ўзига хос янги давр бошланди. Ахборот макони иштирокчилари талаб ва эҳтиёжлари анчайин ўсди, давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатлар ҳам ошкоралик принципи асосида шаклланмоқда.
Муҳокама қилинган қонун лойиҳасида муассисларнинг ОАВ олдидаги масъулиятини ошириш, журналистларнинг ахборот олиш эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг суд мажлисларида иштирок этишга доир ҳуқуқларини таъминлаш, хорижий инвестициялар улушини 30 фоиздан 49 фоизгача кўпайтириш каби муҳим таклифлар ўз аксини топган.
Анжуманда лойиҳа юзасидан халқаро мутахассислар ва экспертлар томонидан бир қатор муҳим таклифлар ўртага ташланди.
— Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўз ва матбуот эркинлиги борасида амалга ошираётган ислоҳотларни олқишлайман. ОАВ эркинлиги жамият ривожида энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бироқ бу жараёнда журналист ва блогерлардан ҳам дадиллик ва жасорат талаб қилинади. Оммавий ахборот воситалари давлат органлари фаолиятига кўзгу тутади, уларнинг қонуний ишлашига туртки бўлади.
– Ушбу таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Ўзбекистонда оммавий ахборот соҳасида муҳим қадам бўлади. Унда журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур кафолатлар белгиланиши лозим. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси қонунчиликнинг жаҳон стандартлари ва талаблари даражасида маромига етказилиши учун барча кўмакка тайёр.
– Соҳага оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ниҳоятда кўп. Асосий қонунлардан ташқари Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, турли низомлар, тартиб-қоидалар бор. Ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларида соҳадаги барча масалалар қамраб олинса ва соҳага оид ягона Кодекс қабул қилинса мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, лойиҳадаги ҳаволаки нормалардан воз кечилиб, барчаси аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилиши зарур. Масалан, ОАВ фаолиятини тўхтатиш «ўрнатилган тартибда» эмас, унинг мезонлари аниқ кўрсатилиши лозим. «Қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади» деган сўзлар ўрнини эса аниқ жумлалар эгаллаши керак, деб ҳисоблайман.
– Қонун лойиҳасида илгари сурилган кўплаб жиҳатларни қўллаб-қувватлайман. Хусусан, оммавий ахборот воситалари муассисларининг масъулиятини ошириш масаласи жуда муҳим. Бироқ айрим ўринларда такрор нормалардан воз кечиш ва тўлдириш лозим. Шунингдек, оммавий ахборот воситасига хорижлик журналистларнинг раҳбар сифатида тайинланиши масаласи ҳам баҳсли. Умуман олганда эса, қонун лойиҳасида бугунги давр талаблари ва муаммолари акс этгани билан аҳамиятли, деб ҳисоблайман.
Муҳокама жараёнида, шунингдек, кўплаб экспертлар, журналист ва блогерлар қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Йиғилиш сўнггида билдирилган таклиф-мулоҳазалар ўрганиб чиқилиб, қонун лойиҳасига киритилиши маълум қилинди.