Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимовнинг 2020 йил якунлари бўйича ҳамда 2021 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида АХБОРОТИ
Ўтган 2020 йил мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда бўлгани каби маданият ва санъат соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди.
Рухсат берсангиз, Қашқадарё вилоятида маданият ва санъат соҳасида 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар тўғрисида қисқача ахборот берсам.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигини 29 йиллиги арафасида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида Яккабоғ туманидаги “Қўрғонча” маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Нишон тумани Талимаржон маданият маркази ҳамда Муборак туман маданият марказида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2020 йил 3 июндаги қарорига асосан Музейлар фондларида сақланаётган музей ашёлари ва коллекцияларини сифатли сақланишини таъминлаш мақсадида замонавий стеллажлар ўрнатиш учун маҳаллий бюджетдан 87 млн. 500 минг сўм маблағ ажратилиб, Қашқадарё вилоят тарихи ва маданият давлат музейи 20 та ва Шахрисабз шаҳар давлат музей-қўриқхонаси 15 та, жами 35 та стеллажлар билан таъминланди.
Вилоятдаги оммавий, маданий-маърифий тадбирларнинг савиясини янада ошириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 559,0 млн.сўмлик овоз кучайтириш жиҳозлари харид қилинди.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг шаҳар ва туман филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида кўриш имконияти чекланган китобхонлар фойдаланишига мос келадиган 2002 дона брайл ёзувидаги адабиётлар, 1288 дона гапирувчи (аудио) китоблар, 1230 дона ясси ҳарфли ижтимоий, сиёсий ва бадиий адабиётлар харид қилиниб кўзи ожизлар кутубхонаси ҳамда шаҳар ва туманлар филиалларига етказилди.
Қарши шаҳар Алишер Навойи номидаги маданият ва истироҳат боғини янада ободонлаштириш ва жиҳозлаш мақсадида 4855 кв.м. қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Шунингдек, Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театри учун янги бино қуриш мақсадида Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 8 июндаги қарорига асосан Қарши шаҳар Мустақиллик МФЙ, Нурбоғ кўчасидан “Қўғирчоқ театри” биносини лойиҳалаштириб қуриш учун 0,70 гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2021 йилда қўғирчоқ театрининг янги биносини қуриш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
“COVID-2019” пандемияси муносабати билан карантин вақтида вилоят аҳолиси, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини уйда мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида бошқарманинг расмий телеграм канали орқали 2020 йил 2 апрелдан 2 майга қадар “Ўз истеъдодингни намоён қил!” вилоят онлайн танлови эълон қилинди.
Танловга “Энг яхши чолғу ижрочиси” йўналишига –337 нафар, “Энг яхши хонанда” йўналишига – 273 нафар, “Энг яхши рақс ижрочиси” йўналишига — 176 нафар, “Энг яхши рассом” йўналишига – 468 нафар, жами 1254 нафар ёшлардан ижодий ишлар келиб тушди.
Танлов натижаларига кўра 4 та йўналишдан 8 нафар ғолиблар саралаб олиниб, ҳар бир ғолибларга “Микротўлқинли иситгич” совғаси билан тақдирланди. Совағалар ғолибларнинг уйларига бориб тантанали равишда топширилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ҳамда маданият мактабларининг мутахассис ўқитувчилари томонидан 2789 маротаба онлайн дарслари ўтказилиб, уларда 6055 нафар ёшлар жалб этилди. Мазкур таълим муассасалари ўқувчиларига санъатнинг ижрочилик ва чолғучилик, рақс ҳамда тасвирий санъат йўналишлари бўйича сабоқлар берилди.
Шаҳар ва туманларидаги маданият марказларида фаолият олиб бораётган тўгарак раҳбарлари томонидан 179 та онлайн (телеграм группа) орқали тўгараклар ташкил этилиб, уларга 1204 нафар ёшлар жалб қилинди.
«Шахрисабз» давлат музей қўриқхонаси ҳамда вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи томонидан 12 та видеоролик тайёрланиб, уни 1138 нафар юртдошларимиз томоша қилишган бўлса, телеграм тармоғида ташкил этилган «Музейга саёҳат\уйга қолинг» канали орқали 1027 нафар аҳоли қамраб олинди. Онлайн музей орқали 360 та экспонатлар намойиши ташкил этилиб, 3433 нафар аҳоли вакиллари кузатиб боришди. Музей ходимлари томонидан яратилган 11 та онлайн илмий мақоладан 715 нафар ўқувчилар баҳраманд бўлишди.
Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри томонидан 4 та тўлиқ (“Жаннатга йўл”, “БРУТ ёхуд Цезарнинг ўлими”, “Орол бобо”, “Бахтсиз куёв”) ҳажмли спектакль, театр хонандаси Ёқубжон Ёмғировнинг онлайн жонли концерти ҳамда 4 та спектакл (“Бахтсиз куёв”, “Оқ кема”, “Бобомнинг орзуси”, “Аршин мал-алон”)дан лавҳаларни театрнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали намойиш этилди. Мазкур спектаклларни 800 нафардан ортиқ юртдошларимиз томоша қилишди.
2020 йил август ойида маданият марказларини қўшимча мусиқа чолғулари билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 67,5 млн. сўм маблағ эвазига 85 та мусиқа чолғулари харид қилинди.
Қамаши тумани 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби 9,9 млн. сўмлик 26 та мусиқа чолғулари ҳамда 10,0 млн.сўмлик саҳна либослари ва 17,1 млн.сўмлик компьютер жамланмаси билан таъминланди.
2020 йил давомида болалар ихтисослаштирилган санъат ва маданият ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг
17 нафари республика кўрик-танловларида (5 нафари 1-ўрин, 2 нафари 2-ўрин, 8 нафари 3-ўрин) ҳамда 166 нафари онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган Халқаро (76 нафари 1-ўрин, 44 нафари 2-ўрин, 24 нафари
3-ўрин) танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритдилар.
2021 йилда маданият ва санъат соҳасидаги устувор вазифаларни давом эттирган ҳолда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат соҳасига оид қарорлари, фармонлари ва фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга ошириб борилади.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган 90-сонли йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларни тўлақонли ва сифатли бажарилиши таъминланади.
2021/2022 ўқув йилидан Қарши ихтисослаштирилган маданият мактабининг бир қисмида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернати ташкил этилиши ҳам устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри биносини мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, таъмирлаш ишлари жорий йилнинг апрель ойига қадар якунланиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2021 йил давомида Халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган кўрик-танловлар, фестиваллар ҳамда тадбирларда вилоят ёшлари, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда театрлар ва бадиий жамоаларнинг иштирок этишлари таъминланади.