Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаковнинг “Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ижроси, 2020 йил сарҳисоби ҳамда 2021 йилда белгиланган вазифалар” ҳақидаги ахбороти
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаковнинг “Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ижроси, 2020 йил сарҳисоби ҳамда 2021 йилда белгиланган вазифалар” мавзуидаги матбуот анжуманидаги
МАЪРУЗАСИ
Вилоятимизда ҳозирги кунда 3 314 612 нафар аҳолига 302 та даволаш-профилактика муассасаси тиббий хизмат кўрсатади, шундан:
-83 таси қишлоқ врачлик пункти;
-72 таси қишлоқ оилавий поликлиникаси;
-15 таси кўп тармоқли марказий поликлиника;
-9 таси шаҳар оилавий поликлиникаси;
-1 таси вилоят болалар стоматология поликлиникаси;
-13 таси туман ва 2 та шаҳар тиббиёт бирлашмаси;
-59 таси стационар шифохона (32 таси вилоят муассасаси), диспансер ва марказ ҳисобланади.
Бугунги кунда вилояти аҳолисига 41051 нафар тиббиёт ходими тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шундан 5412 нафари врач, 35639 нафари ўрта тиббиёт ходими ҳисобланади. Жорий йил давомида 279 нафар ёш битирувчи (бакалавр, магистр, клиник ординатор) ўз мутахассисликлари бўйича ишга қабул килинди.
2020 йил 1 январь ҳолатида вилоятида 9628 шифо ўрни мавжуд бўлиб, улардан 5777 таси шаҳар ва туманлар ҳамда 3851 таси вилоят тассаруфидаги шифо ўринлари ҳисобланади.
Тиббий жиҳозлар билан таъминланиши.
2020 йилда республика бюджетидан 15 та тиббиёт бирлашмасига 3 миллиард 675 миллион сўмга замонавий УТТ ускунаси олинди.
Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Қашқадарё филиали 1 055 333 АҚШ долларилик тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.
2020 йилда маҳаллий бюджет маблағларидан жами 2,98 миллиард сўмга тиббий асбоб-ускуналар олинди.
COVID-19 пандемияси вақтида “Инқирозга қарши кураш жамғармаси”дан соҳадаги тадбирлар учун 132 миллиард 573 миллион сўм ажратилган бўлиб, 131 миллиард 811 миллион сўм харажат қилинди.
COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун пандемия даврида соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1 575,7 миллион, “Меҳр-шафқат” фонди томонидан 764,1 миллион, вилоят ҳокимлиги томонидан дори-дармонлар учун 537 миллион сўм маблағ ажратилди. 16 та ИВЛ, 60 дона СИПАП, 7 дона портатив рентген, 179 дона кислород концентратори, 1043 дона пульсоксиметр, 23 дона кардиомонитор, 24 дона шприцли насос олиб келинди.
Инвестиция дастурлари ижроси.
2020 йил Инвестиция дастури доирасида 18 та муассасада 63,8 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган эди. Шундан 8 та объект фойдаланишга топширилди. 3 тасида қурилиш ишлари якунланиб, қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилмоқда. 3 та объектда қурилиш ишлари давом этмоқда. 4 таси йилдан-йилга ўтувчи объектлар ҳисобланади.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 84-сонли раёсат мажлиси баёнига асосан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 8 та даволаш-профилактика муассасасида 7,4 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 3,9 миллиард сўмлик (ажратилган лимитга нисбатан 85 фоиз) иш амалга оширилган.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат.
Вилоятда 480 ўринга эга 22 та ихтисослаштирилган бўлимлар фаолият олиб боради (100 ўрин кардиология, 90 ўрин неврология, 70 ўрин травматология, 70 ўрин ЛОР, 75 ўрин эндокринология, 30 ўрин нейрохирургия, 30 ўрин офтальмология, 15 ўрин гемодиализ). 19 турдаги аввал бажарилмаган юқори технологияли даволаш усуллари қўлланилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида: бачадон миомаси билан оғриган беморларни лапароскопия усули орқали бачадон ампутацияси, лапароскопик апендоэктомия, ошқозон ярасини тикиш операциялари, ретроград холангиопанкреатография муоложалари, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий амалий марказида интервенцион радиология-ПК нефростомия қўйиш амалиёти, простата бези ва кўкс оралиғидан трепан-биопсия олиш, елка бўғимини эндопротезлаш амалиёти, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими врачлари томонидан сон суягида эндопротезлаш операциясини ўтказиш йўлга қўйилди.
Аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ- 6110-сонли фармонига мувофиқ ўтган йилнинг сўнгги ойида аҳолини саломатлик ва касаллик кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида тиббий хатловдан ўтказиш ишлари ташкил этилди.
Вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида жами 1701 нафар шифокор, 8595 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат 1723 та “тиббиёт бригадаси” ташкил этилиб, уларга тиббиёт олий таълим муассасаларидан сафарбар этилган 743 нафар талаба ҳам бириктирилди.
Тиббий хатловни ташкил этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард 196 миллион сўм ажратилиб, 30 дона планшет, 3 340 дона тонометр, фонендоскоп, 2 033 дона тарози, 2 019 дона пульсоксиметр, 3 875 дона ўлчов тасмаси харид қилинди.
Ҳозирга келиб, “тиббиёт бригадалари” томонидан вилоят аҳолисининг 3 293 485 нафари ёки 99,4 фоизи хатловдан ўтказилди. Айни пайтда натижалар умумлаштирилиб, таҳлил қилинмоқда.
Хорижий инвестиция ва хусусий тиббиёт.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида 2020 йилда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилиши мумкин бўлган 42 та бўш ер майдони ва объект аниқланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтига жойлаштириш учун тақдим этилган, шундан 14 тасига талабгор инвесторлар иштирокида лойиҳа концепциялари ишлаб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишчи гуруҳига таклифлар тақдим этилган, ҳозирда лойиҳалар ўрганиш жараёнида.
Ўтган йилда 17 та давлат тиббиёт муассасасининг айрим функциялари ва хизматлари аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказилди. 65 та янги хусусий шифохона очилди. 28 та хусусий тиббиёт муассасаси кенгайтирилди.
Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини намунали йўлга қўйиш чора-тадбирлари бўйича.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 26 ноябрдаги буйруғига асосан Президентнинг тегишли қарорлари ва фармонлари ижросини Қашқадарё вилоятида намунали ташкил этиш мақсадида воҳамиздаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг юқори илмий салоҳиятга эга бўлган мутахассислари раҳбар сифатида 6 ой муддатга бириктирилди. Айни пайтда 15 нафар шундай раҳбар мутахассис шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларини бошқармоқда. Улар ўзлари бириктирилган ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, даволаш-профилактика муассасалари, шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича ташкилий тадбирларни амалга ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга кўмаклашиш сингари бир қатор вазифаларни бажаришмоқда. Ўз соҳасининг моҳир усталари бўлган бу мутахассислар томонидан вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида “маҳорат дарслари” шаклидаги жарроҳлик амалиётлари ҳам ташкил этилмоқда.
2021 йилдаги режалар бўйича.
2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ижроси, Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси асосида вилоятда соҳани ривожлантириш учун бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Мазкур йўналишлар қуйидагилардан иборат:
- 2021 йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил республика буйича давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади. Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади. Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади. Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.
- 2021 йил якунига қадар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини, жумладан тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш ва жисмоний фаолликни таъминлаш мақсадида маҳаллаларда кечки сайр ва оммавий спорт турлари билан шуғулланиш борасида зарур шароитлар яратилади ва оммавий тадбирлар ташкиллаштирилади, амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилади.
- Кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.
- Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур. Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилади. 2021 йил январига қадар аҳолини тиббий хатловдан ўтеазиш, антропометрик ўлчовларни жамлаш орқали аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, бу борада тегишли электрон база ва ҳудудларнинг “Саломатлик профиллари” шакллантирилади. Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.
- 2021 йил якунига қадар вилоятдаги барча бирламчи тиббий- санитария ёрдами муассасаларининг (кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар, оила шифокорлик пунктлари) оптик толали интернет тармоғига уланишини таъминланади.
- Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 25 та оилавий шифокор пункти ва 5 та оилавий поликлиника ишга туширилади. 2021 йилда 8 та оилавий шифокор пункти ва 1 та оилавий поликлиника ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули бериш ҳамда уларни хизмат уйлари билан таъминлаш режалаштирилган.
- 2021 йилда вилоятда қондаги қанд миқдорини аниқловчи глюкометр ускунаси ва экспресс тестларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этилади. 1 мартга қадар аҳолининг тегишли контингенти қондаги қанд миқдори ва холестеринни аниқловчи экспресс тест тўпламлари билан таъминланади. 1 сентябрга қадар вилоят аҳолиси орасида юрак қон-томир касалликлари ҳамда 2-турдаги қандли диабет касаллигини мақсадли скринингдан ўтказиш чораларини кўриш ва текширув натижалари бўйича аҳолининг индивидуал назорати ҳамда соғломлаштириш ишлари якунланади.
- Аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 4 та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади.
- 2021 йил ноябрь ойига қадар (Қарши шаҳар туғруқ комплекси, вилоят перинатал маркази, репродуктив саломатлик маркази, вилоят скрининг мареазини жамлаган ҳолда) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш кластери ташкил этилиши режалаштирилган.
- 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университети қошида тиббиёт факультети ташкил этилади.
- 2021 йилда Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Қашкадарё филиалида инвестиция дастури доирасида олиб борилаётган қурилиш-реконструкция ишларига кўшимча равишда гемодиализ ва универсал ангиограф ускуналари учун қўшимча бино қуриш режалаштирилган. Вилоят соғликни сақлаш тизимидаги 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари учун республика бюджетидан 83 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилади ва ушбу муассасалар тўлиқ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
- 2021 йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари битирувчиларидан 356 нафар ёш шифокорнинг ишга келиши кутилмоқда. Булардан 203 нафари бакалавр, 48 нафари магистр, 105 нафари клиник ординаторларни ташкил этади. Мазкур ёш мутахассислар ҳисобига туманлардаги шифокорлар етишмовчилиги муаммоларини бартараф этиш кўзда тутилмоқда.