ТИНЧЛИК — БЕБАҲО НЕЪМАТ
ТИНЧЛИК — БЕБАҲО НЕЪМАТ
Халқимизда «Қўшнинг тинч — сен тинч» деган мақол бор. Ҳа, халқимизнинг орзуси, мақсади битта — жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин.
Яқинда қўшни Қозоғистон давлатида бўлган тартибсизлик ҳолатларини юртдошларимиз оғир изтироб билан қабул қилди, десам адашмаган бўламан. Халқимиз узоқ йиллар давомида оға-ини бўлиб яшаб келаётган қозоқ биродарларимизнинг тақдири, уларнинг бошига тушган синовдан бир қайғурган бўлса, ён қўшнимиз бўлган давлатда кечаётган талатўплар истаймизми йўқми, барчамизда хавотир уйғотгани ҳам бор гап.
Шу билан бир қаторда, Қозоғистонда рўй берган ҳолат бизга тинчликнинг қанчалик қадрли неъмат эканлигини, уни асраш учун ҳар биримиз қайғуришимиз, тинчлик учун ҳаракат қилишимиз лозимлигини яна бир бора кўрсатди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Ҳа, бугун дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган нотинч ҳолатлар бизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга, ўз уйимизни, она Ватанимизни асраб авайлашга, шу шукуҳли кунларнинг қадрига етишга чорлайди.
Насиба ИБРАГИМОВА,
«Юрт таровати» газетаси бош муҳаррири