Mahalliy

Агар Конституцияда белгиланган ҳуқуқимиз қонун билан бузилса …

Конституциявий ислоҳотлар доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали воситалардан бири бўлган конституциявий шикоят институтини конституциявий норма билан мустаҳкамлаш ҳам назарда тутилган.

Конституциянинг 109-моддасига асосан, Конституциявий судга “фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади” деган қўшимча вазифа юклатилмоқда.

Яъни, агарда фуқаро ўзининг Конституцияда белгиланган ҳуқуқини қонун ёки унинг бирон-бир нормаси билан бузилмоқда деб ҳисобласа, ушбу ҳужжатнинг конституциявийлигини кўриб чиқишни сўраб Конституциявий судга мурожаат (шикоят) қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши конституция нормаларининг реал ҳаётда ишлашини таъминлайди.

Халқаро ҳужжатларда ҳам бу масала алоҳида тартибга солинган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасига асосан “Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган.

Фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий одил судлов органига бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши Конституциявий судда иш ҳажмининг ошишига сабаб бўлди. Аввалги йиллари Конституциявий судга бир йилда ўртача 800-1000та мурожаат келган бўлса, янги қонун қабул қилингандан кейин мурожаатлар сони 1,5 мингга етади. Шундан Конституциявий суднинг ваколатига тааллуқли мурожаатлар 127та (16%)ни ташкил қилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу норма Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бекзод Нариманов,

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *