Mahalliy

Халқ депуатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ҳокимлар мурожаатларининг ёритилиши бўйича ҲИСОБОТ

2021 йил 14 декабрь куни мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб ўтган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг навбатдаги сессияларида туман (шаҳар) ҳокимларининг 2021 йил ижтимоий-иқтисодий якунлари ва 2022 йилги истиқболли режалар ҳақида мурожаатлари тингланди.

14 декабрда Қашқадарё вилояти халқ депутатлари Қарши тумани кенгаши сессиясида Қарши тумани ҳокими Махсуда Мустафаева ўз мурожаатида 2021 йилда белгилаб олинган дастур ва йўл хариталари асосида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳисобот йилида саноат ишлаб чиқариш 139,8 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажми 120,4 фоизга ўсгани, Қурилиш ишлари ҳажми 324,7 млрд сўм ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,9 фоизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 2 049,4 млрд сўм ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,7 фоизга ўсгани таъкидланди.

Ҳисоботда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларни ривожлантириш, хусусан, коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди.

Сессияда ҳудудни 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олинган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталинди.

Хусусан, “маҳаллабай” ишлаш тизимини ривожлантириш ҳисобидан жойларда аҳолининг ўзини-ўзи иш билан таъминлаш масалаларини ривожлантириш,«Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, коммуникация, йўл қурилиши, кам таъминлаган оилалар турмуш шароитини яхшилаш, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, «Ҳар бир оила – тадбиркор» тамойили асосида ишлаб чиқариш ва оилавий бизнесни йўлга қўйиш борасидаги режалар тўғрисида тўхталинди.

Қарши тумани кенгаши сессияси якунида ҳоким ҳисобот ва истиқболли режалар юзасидан депутатлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Хусусан, бугунги кунда аҳоли ҳаётини яхшилаш учун долзарб бўлиб турган маҳаллий бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, кредитлар ажратиш ва арзон турар жойлар қурилиши ҳамда фуқароларга ер ажратиш билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама этилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *