Mahalliy

УМУМИЙ, ТЕНГ, ЭРКИН, ЯШИРИН ВА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайловларнинг аҳамияти беқиёсдир. Шу сабабли, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ демократик принципларга асосланган сайлов қонунчилигини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Авваламбор Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланди, уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги алоҳида бобда конституциявий жиҳатдан кафолатланди. Давлат ҳокимияти органларига сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишни тартибга соладиган бешта қонун қабул қилинди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қўйилган вазифаси ижроси ўлароқ 2019 йил мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида сайловга доир 5 та қонун ва Марказий сайлов комиссиясининг 40 га яқин қонуности ҳужжатлари, сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 50 дан ортиқ хорижий давлатнинг сайлов қонунчилиги таҳлил қилинди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссиясининг қуйидаги 10 та тавсияси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига киритилди. Кенг жамоатчилик муҳокамаси ва халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилиб, ҳаётга татбиқ этилди.

Кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олиб, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди.

Сайлов қонунчилигимиз халқимизнинг бой миллий қадриятлари ва тарихий давлатчилик анъаналари асосида сайловга оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва тараққий этган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда яратилиб, ўтган давр мобайнида фуқароларнинг умумий, тенг, эркин, яширин ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида такомиллашиб борди.

Фуқароларнинг умумий сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 1997 йил декабрда қабул қилинган қонун билан “судланганлиги қонунда белгиланган тартибда бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган фуқаролар” депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмаслигига оид норма “қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар”га, 2008 йил декабрда ушбу норма “содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар”гаўзгартирилди. Буларнинг барчаси сайлов ҳуқуқини умумийлигини таъминлашга, ҳар қандай жиноятга эмас, балки жиддий, оғир ҳуқуқбузарликлар учунгина сайланиш ҳуқуқи чекланиши мумкинлигини мустаҳкамлади.

2012 йилда киритилган ўзгатиш ва қўшимчаларга кўра сайлов участкалари тузилиши мумкин бўлган объектлар сирасига қамоқда сақлаш жойлари ҳам киритилди. Бу айбсизлик презумпциясидан, яъни жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслигидан келиб чиқади.

2019 йил 25 июнгда қабул қилинган Сайлов кодексида номзодларни қўллаб-қувватловчи имзоларга нисбатан оқилона талаблар белгиланганди.

Сайлов кодексида фуқаролар, сайловчилар учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Авваллари фуқаролар фақатгина 135 та округдан Қонунчилик палатасига номзодларни сайлаш имкониятга эга бўлган бўлсалар, ҳозирда бу яна 15 тага кўпайиб, 150 тани ташкил этмоқда. Бу фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда имкониятларини янада оширишга, фуқаролар вакилликларини кенгайтиришга, давлат ҳокимиятига таъсирларини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 117-моддасида, аввалги сайлов тўғрисидаги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар – дейилган мазмундаги қоида белгиланган бўлса, мазкур Кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, “сайловда қатнашмайдилар” – деган жумла чиқариб юборилди. Бундай ўзгариш 2019 йил 4 сентябрдаги қонун билан Конституциямизнинг 117-моддасида ҳам ўз аксини топди.

Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди – деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси эса умумий сайлов ҳуқуқи принципини янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талабларини имплементация қилинганидан далолат беради.

Имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида Кодекснинг 31-моддасида сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкинлиги, 49-моддасида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зиммасига юклатилиши, 50-моддасида овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш мақсадида2003 йилда маҳаллий  Кенгашларнинг, 2019 йилда Экологик ҳаракат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг депутатликка  номзодлар  кўрсатиш ҳуқуқи  бекор  қилинди,  натижада сиёсий партияларга давлат ҳокимияти вакиллик органларига сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига тенг имконият яратилди.

2004 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра сиёсий  партиялар  депутатликка  номзодлар кўрсатганида хотин-қизлар учун ўттиз фоизлик квота белгиланди.

Сайлов кодексига кўра ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Сайлов кодексида сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши қонун билан ўрнатилди (бу тенг сайлов ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади), сайловчиларни тўлиқ ва аниқ рўйхатга олишни таъминловчи, кўп марта рўйхатдан ўтиш имкониятини истисно этадиган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига оид қоидалар киритилди.

Кодексда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш механизмлари янада кенг таъминланиб, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу турли номзодлар ҳар хил вақтларда, кимдир аввалроқ, кимдир кейинроқ ташвиқот бошлашига олиб келар эди.

Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриши белгилаб қўйилди.

Сайловларни шаффофлиги ва очиқлигини, фуқароларни сайлов ҳуқуқи эркинлиги, овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш – сайловга оид халқаро стандартларнинг энг муҳим принципларидан ҳисобланади.

Парламентлараро Иттифоқ маълумотларига кўра дунёнинг 189 та давлатидан 158 тасида овоз бериш эркин ҳисобланади.

1994 йилда фуқаролар сайлов ҳуқуқига тўсқинлик қилганлик, овоз бериш яширинлигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

1997 йил декабрда қабул қилинган қонун билан кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва  мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди, такрорий овоз беришда сайловчиларнинг ярмидан кўпи иштирок этишига оид талаб чиқарилди.

2004 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши кераклиги мустаҳкамланди, номзодга қарши овоз беришга оид нормалар чиқарилди.

2008 йилда киритилган ўзгатиш ва қўшимчаларга кўра сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сиёсий партиянинг ваколатли вакили институти киритилди.

2008 йилда киритилган ўзгатиш ва қўшимчаларга кўра овоз бериш якунлари бўйича баённоманинг кўчирма нусхаси участка сайлов комиссияси биносида ҳамма танишиб чиқиши учун 48 соатдан кам бўлмаган муддатга осиб қўйилиши қайд этилди. 2012 йилда киритилган ўзгатиш ва қўшимчаларга кўра сайловолди ташвиқотини ўтказиш, унинг турлари, шакллари ва усуллари аниқ белгилаб қўйилди.

Сайлов кодексида сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексида биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоаттчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга ошириши, сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Кодексда фуқаролик жамияти институтларига берилган имкониятлар, жамоатчилик назорати ва иштироки билан боғлиқ. Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги қайд этилди. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини ошишига омил бўлиб хизмат қилади.

Кодексда Марказий сайлов комиссияси раиси комиссия мажлисларида иштирок этиш учун жамоат бирлашмаларининг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этишига оид қоида ҳам мустаҳкамланди.

Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига жалб этилишига оид қоида мустаҳкамлангани жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида ҳам кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Бу ҳам жамоатчилик назорати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асослари қонунан мустаҳкамланганлигида намоён бўлади. Кодексда Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга оид қоидалар белгиланди. Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Фуқароларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланиши, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари унинг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида эълон қилиниши лозимлиги очиқлик ва ошкораликни таъминлашнинг муҳим кафолатларидан ҳисобланади.

ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжатининг 7.2-бандига кўра миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаса бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлиши лозим.

Парламентлараро Иттифоқ маълумотларига кўра 191 та давлатдан 184 тасида парламентнинг қуйи палатаси (парламент) аъзолари тўғридан-тўғри сайланади.

Шу маънода Сайлов кодексидаги энг катта янгиликлардан бири бу – Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташланганида намоён бўлади. Авваллари фуқаролар фақатгина 135 та округдан Қонунчилик палатасига номзодларни сайлаш имкониятга эга бўлган бўлсалар, ҳозирда бу яна 15 тага кўпайиб, 150 тани ташкил этмоқда. Бу фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда имкониятларини янада оширишга, фуқаролар вакилликларини кенгайтиришга, давлат ҳокимиятига таъсирларини оширишга хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида биринчидан, сайловга оид халқаро стандартларда белгиланган демократик тамойил ва талаблар доирасида миллий сайлов тизими  ва қонунчилиги шаклланди, иккинчидан, сайлов қонунчилигимиз мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотларда эришаётган ютуқлари, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги билан уйғун равишда тизимли, босқичма-босқич ривожланмоқда. Ўзбекистон йилдан-йилга сайловга оид халқаро стандартлар талабларини миллий қонунчилигига сингдириб келмоқда ва бу ортқа қайтмас жараёндир.

Хулоса қилиб айтганда, демократия тўхтовсиз жараён бўлиб, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш талаблари асосида сайлов қонунчилигини такомиллаштириб бориш инсон манфаатига, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали эркин ҳамда ихтиёрий иштирок этиш учун тенг шароитларни кафолатлашга хизмат қилиши муқаррар.

 

 

 

Миравзал Миракулов,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *