Mahalliy

Карантинли юқумли касалликлар ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган Штабда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, унинг аҳоли турмуш даражасига ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган қатъий   чоралар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев ва журналистлар иштирок этди.

«Ишлаб чиқарувчи ёки улгуржи савдода нарх сунъий оширилса, табиийки, чакана савдода ҳам нарх кўтарилади. Шу боис, музлатгичли омборхоналар ва улгуржи тарқатиш базаларида товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда, — деди Эркин Йўлдошев. — Биргина мисол, яқинда бир МЧЖга четдан Ўзбекистонга картошка олиб келиши учун 1 миллионн доллар кредит ажратилиши, темир йўлларда картошкани ташишда имтиёзли нарх белгиланишида амалий ёрдам кўрсатилди. Бундай мисоллар кўп. Ўтган қисқа муддат давомида шунга ўхшаш 1 400 дан зиёд тадбиркорлик субъектларига турли муаммоларни ҳал этишда прокуратура органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди».

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик ёғи, шакар ва қолипли нон нархи асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари устидан алоҳида назорат ўрнатилгани қайд этилди.

Шунингдек, ҳозирги қадар ўтказилган тадбирларда 645 та ҳолатда жами 1 млрд 735 млн сўмлик маҳсулотлар қиммат нархда сотилаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотларнинг арзон нархларда аҳолига сотилиши таъминлангани билдирилди.

«Яна бир масалани айтиб ўтмоқчиман, — деди Бош прокурор ўринбосари. — Куни кеча бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган Қонун маъқулланди.

Эндиликда карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори фуқаролар учун 6.690.000 сўмгача, мансабдор шахслар учун 11.150.000 сўмгача оширилди.
Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилди.
Жиноий жазо ҳам кучайтирилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.
Бундан ташқари, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, аҳоли орасида асоссиз ваҳима чиқариш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди». https://aoka.uz/article/rsusrlfmuahi-karantinli-umli-kasalliklar-aida-lon-malumotlarni-taratish-uchun-zhinoij-zhawobgarlik-belgilandi

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *